Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси доирасида Навоий вилояти Адлия бошқармаси томонидан Хатирчи ва Навбаҳор туманларида фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилган таҳлиллар натижасида бир миллиард сўмга яқин маблағ ундириб берилди.
Хатирчи туманида пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослаштирилган 72 фермер хўжалиги пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш учун истеъмол қилинган электр энергияси қиймати тўлаб берилмаганидан норози бўлиб туман адлия бўлимига мурожаат қилган.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги “Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2018 йил 1 апрелдан бошлаб фермер хўжаликлари тасарруфидаги электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари билан таъминланган насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштириш учун истеъмол қилган электр энергияси қиймати давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши қайд этилган, – дейди Хатирчи туман адлия бўлими бошлиғи Зафар Насимов. – Фермерлар мурожаатига асосан мазкур қарор ижроси ўрганилганда, вилоят молия Бош бошқармаси томонидан ҳужжат талаблари ижроси таъминланмаганлиги аниқланди. Уларга 800 миллион сўмга яқин пул маблағлари тўлаб берилмаган.
Шунингдек, мазкур қарор ижроси Навбаҳор туманида ҳам тўлиқ амалга оширилмаган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, тумандаги 40 га яқин фермер хўжаликларига 200 миллион сўм атрофида пул маблағлари тўланмаган.
Натижада Хатирчи ва Навбаҳор туманлари адлия бўлимлари томонидан фермерлар манфаатида судга киритилган даъво аризалари қаноатлантирилиб, ер эгаларига жами бир миллиард сўмга яқин пул маблағлари ундириб берилди.
Абдували Бўриев, ЎзА