French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда “Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиблари тақдирланди
07:40 / 2022-09-02

ФОТОРЕПОРТАЖ

Мустақиллик – буюк неъмат. Унинг мазмун-моҳияти ва қадрини теран англаш ва англатиш ҳар бир кишининг зиммасидаги муқаддас бурч. Шу маънода, мазкур шонли сана моҳиятини кенг тарғиб этишда айниқса, ижодкорлар, хусусан журналистлар, ёзувчи-шоирлар, рассомлар, кино санъати вакиллари миллатнинг пешқадами эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро, мустақиллик бу нафақат инсоннинг моддий, балки маънавий поклиги ва эркинлигини ифода этувчи теран тушунча.

Юртимизда ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида журналист ва ижодкорлар орасида “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловини ўтказиш анъанага айланган.

Жорий йилда ҳам мамлакатимиз бўйлаб Истиқлолимизнинг 31 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида ўтказилган кўрик-танловда ижодкорлар муносиб тақдирланмоқда.

Навоий вилоятида ҳам мазкур танлов вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят Матбуот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, вилоят телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида катта кўтаринкиликда ташкил этилиб, бир гуруҳ фаол ижодкорлар меҳнати алоҳида эътироф этилди.

Бу йил танловга 50 га яқин ижодкорнинг 100 дан зиёд ижодий иши қабул қилинди. Танлов ҳайъати хулосасига кўра, 6 та йўналиш бўйича 3 нафардан, жами 18 ғолиб аниқланди.

Ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими Навоий шаҳридаги “Ёшлар медиа маркази”да ўтказилди.

Тантанали тадбирда бир гуруҳ устоз ижодкорлар сўзга чиқди ва бугунги матбуот соҳасидаги ислоҳотлар хусусида сўз юритди.

[gallery-8617]

Натижаларга кўра, танловга жорий йилда киритилган янги – “Журналистлар томонидан нашр этилган публицистик асарлар” йўналишида биринчи даражали диплом “Армоннинг бунчалар ранги кўп...” китоби учун фахрий журналист Салима Умаровага тақдим қилинди.

“Босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари” йўналиши бўйича эса “Саломатлик” газетаси муҳаррири Иброҳим Жумаев биринчи ўринга лойиқ топилган бўлса, “Телевидение ва радио ижодкорларининг журналистик ишлари” йўналишида эса ёш ижодкор, “Ўзбекистон-24” телеканалининг вилоят бўйича мухбири Тимур Байбиков биринчи даражали диплом билан тақдирланди.

“Интернет-журналистика” йўналиши бўйича “Учқудуқ-24” интернет нашрининг муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Лайло Каримова, “Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” йўналишида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Навоий вилояти бўйича фотомухбири Сирож Аслонов, “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари” йўналиши бўйича эса “Шайх ва сархуш” асари муаллифи, ёш носир Озод Мустафоев энг юқори ўринларга лойиқ кўрилди.

Шунингдек, иккинчи ва учинчи ўрин соҳибларига ҳам ташкилий қўмитанинг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Қайд этиш керак, “Энг улуғ, энг азиз” танловининг ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида ўтказилишида ҳам катта рамзий маъно мужассам. Зеро, мамлакатимиз тараққиётида барча соҳалар қатори ижодкорларнинг ҳам муносиб ўрни бор. Ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларининг бардавомлиги эса ижод аҳлини янада куч-ғайрат билан қалам тебратишга ундайди.

Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА