Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда экологик назорат нега кучайтирилмоқда?
12:23 / 2025-12-05

Кейинги йилларда Навоий шаҳри ҳақиқий қурилишлар майдонига айланди. Янги Навоий шаҳарчаси лойиҳаси доирасида барпо этилаётган бино-иншоотлар, йўл ва инфратузилма объектлари шаҳар келажагига хизмат қилиши шубҳасиз. Аммо ҳар қандай қурилиш фаолияти табиий муҳитга таъсир кўрсатиши, атроф-муҳит билан боғлиқ қатор муаммоларни юзага келтириши ҳам маълум. Шу боис қурилиш жараёнида экологик меъёрларга амал қилиш нафақат қонун талаби, балки жамият олдидаги муҳим мажбуриятдир.

Айнан шу мақсадда Навоий вилояти Экология бошқармаси томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилиб, шаҳарнинг турли ҳудудларидаги қурилиш майдонларида назорат рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Текширувлар қурилиш компанияларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид талабларга қай даражада амал қилаётганини кўрсатиб бермоқда.

Текширувлар давомида айрим қурилиш компаниялари экологик талабларга тўлиқ риоя этмаётгани маълум бўлди. Жумладан, “Навоий мелиорация” МЧЖга қарашли майдонда табиий муҳитни тиклаш, зарарли таъсир оқибатларини бартараф этиш ва табиий ресурсларни қайта ҳосил қилиш ишлари олиб борилмаётгани аниқланди. Экология меъёрларининг бу тарзда бузилиши ҳудуднинг экологик барқарорлигига таъсир кўрсатиши, кейинчалик катта миқдордаги тиклаш харажатларини талаб қилиши мумкин. Аниқланган ҳолат юзасидан корхонага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 95-моддаси асосида баённома расмийлаштирилиб, материаллар судга юбориш учун тайёрланмоқда.  

Ўрганишлар давомида “New Times Buildings” МЧЖда ҳам атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қоидалари бузилгани қайд этилди. Қурилиш майдонида чангланиш, чиқиндиларнинг нотўғри бошқарилиши ёки техник воситаларнинг фильтрсиз ишлатилиши аҳоли саломатлиги ва шаҳар ҳавосининг сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мазкур қоидабузарлик учун корхонага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 85-моддаси 1-қисми асосида баённома тузилиб, жарима белгиланди.

Экологик талабларнинг бузилиши нафақат атроф-муҳит ҳолатига, балки аҳолининг кундалик турмушига ҳам таъсир этади. Чанг ва зарарли моддаларнинг кўпайиши нафас йўллари касалликларининг ортишига олиб келиши мумкин. Шу боисдан қурилиш жараёнида экологик назоратнинг талаб даражасида йўлга қўйилиши мустаҳкам қонун талаблари билан бирга, умумий жамоат манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.

Навоий шаҳридаги экологик назорат рейдлари қурилиш соҳасида ҳали ҳал этилиши керак бўлган кўплаб масалалар борлигини кўрсатди. Қонун талабларига амал қилиш иш берувчининг мажбурияти, аҳоли ва табиат манфаатларини ҳимоя қилиш эса давлат ва жамиятнинг умумий вазифасидир.

А.Бўриев, ЎзА мухбири