Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларига хизмат қилиши лозимлиги белгилаб қўйилди.
Бугун ҳам барча амалга оширилаётган чора-тадбирлар унинг атрофига қурилмоқда. Сўнгги бир йил мобайнида COVID-19 инфекцияси бутун дунёни эгаллаб олди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари ташаббуси ва бевосита раҳномалигида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда мутасадди давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ҳар бир фуқаронинг соғлигига алоҳида эътибор қаратилиб, касалликни юқтириб олган юртдошларимизга давлат бюджетидан кераклигича маблағлар ажратилди.
Ҳозирги кунда дунё ҳамжамиятида ушбу касалликка қарши эмлаш вакциналари ишлаб чиқилди ва синовдан ўтказилмоқда. Бу жараён юртимизда ҳам амалга оширилаяпти. Ушбу касалликка қарши курашишнинг энг самарали йўли – аҳолини вакцинациялаш эканлиги таъкидланиб, маълумотларга кўра, 2021 йил март ойидан бошлаб йил якунига қадар республикамиз аҳолисининг 20 фоизга яқини эмланиши режалаштирилган.
Навоий вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Навбаҳор туман бўлими қошида вакциналарни сақлаш омборхонаси шай ҳолатга келтирилиб, сақлаш ва ташиш учун етарли миқдорда совутгичлар ва жиҳозлар билан таъминланган. Коронавирусга қарши эмлаш жараёнини тизимли ташкиллаштириш, бошқариш ва эмлаш ишларини назорат қилиш мақсадида туман Тиббиёт бирлашмаси ҳамда СЭО ва ЖС бўлими қошида штаблар ташкил қилиниб, малакали мутахассислар жалб этилган.
– Эмлаш жараёнида санитария қоида ва меъёрлари талаблари ижросини таъминлаш мақсадида, даволаш-профилактика муассасаларида жами 15 та эмлаш пункти ташкил қилинди, – дейди бўлим бошлиғи Журъат Жўраев.
–Эмлаш пунктлари етарли даражада тўла жиҳозланган бўлиб, ҳар бирида махсус гуруҳлар ташкиллаштирилди. Эмлаш учун масъул бўлган вакцинатор, дублёр ва рўйхатга олувчи тиббиёт ходимлари белгиланди. Барча эмлаш пунктларида эмлашдан кейин рўй бериши мумкин бўлган ножўя ҳолатларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шокка қарши дори-дармонлар захираси яратилди. Айни пайтда туман тиббиёт бирлашмаси томонидан эмланиши лозим бўлган аҳолининг рўйхати шакллантирилмоқда.
Эмлаш бригадалари тиббиёт ходимлари учун ҳимоя ниқоблари, антисептиклар, дезинфекцияловчи воситалар, тана ҳароратини ўлчаш учун термометрлар, тиббиёт кўзойнаклари ва бахиллалар билан таъминланди.
Тумандаги барча эмлаш пунктларидаги “совуқлик занжири”ни таъминлаш мақсадида 26 дона термосумка ва 22 дона замонавий рақамли термоиндикатор етказиб берилди. Шунингдек, Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги томонидан вакциналарни ташиш учун махсус автотранспорт воситалари ажратилди.
Умуман олганда, барча саъй-ҳаракатлар инсон манфаатлари ва уларнинг саломатлигини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Бу каби амалий ишлар бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА