Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда “Аёллар дафтари” га киритилган 12 827 нафар хотин-қиз муаммоси қандай ҳал этилади?
18:36 / 2021-02-14

Аёл – улуғ зот.

Мўътабар аёл хонадонига қут-барака улашиш билан бирга, бутун меҳрини оиласи, турмуш ўртоғи, фарзандларига, қайнота-ю қайнонаси, яқин инсонларига бахшида этади. Мол-ҳол, қозон-товоқ, кир-чир, бозор-ўчар, қўйинг­ки, оиланинг мингта ташвиши бўлса, ҳаммасини ўз зиммасига олади. Бир зум ҳам тиним билмайди.

Энг муҳими, аёл зоти ҳеч қачон ҳаётидан нолимайди. Балки ўтган ҳар бир кунига шукур қилиб яшайди. Бахти, оиласи тинчлиги, ўғил-қизлари камоли, дастурхони тўкинлигини умрининг безаги ва бахти, деб билади.

Мамлакатимизда йил сайин аёлларимизга бўлган эътибор ошиб бормоқда. Бугун қайси бир соҳани олиб қараманг, албатта, унда оналаримиз, опаларимиз ва сингилларимиз меҳнат қилишмоқда. Айниқса, хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, ҳаёти ва фаолиятида юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш асосий масалалардан бирига айланди. Бунда секторлар кесимида йўлга қўйилган “Аёллар дафтари”нинг ўрни муҳим аҳамият касб этмоқда.

Навоий вилоятида 12 827 нафар аёл мазкур дафтарга киритилган бўлиб, 2154 нафарининг муаммолари ҳал этилди. Улар боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронлиги бўлган, нотурар жойда истиқомат қилаётган, қарамоғида бир ва ундан ортиқ имконияти чекланган фарзанди бор хотин-қизлардир.

Жорий йилнинг январ ойи якуни таҳлилларига кўра, 1299 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ўрганиш истаги борлигини билдирган бўлса, 3016 нафари тадбиркорликни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олишни, 402 нафари эса ўз томорқасидан унумли фойдаланишда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.

– Ҳудудларимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича етарли захиралар мавжуд, – деди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бош мутахассиси Раъно Шeрбўтаева. – Бу хотин-қизларни кичик ҳажмли ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, касаначилик ва бошқа соҳаларни йўлга қўйиш орқали даромадларни кўпайтиришга замин яратади. Асосий эътибор “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, ижтимоий муаммоларини бартараф этишга қаратилган. Мазкур йўналишда иш тизимли бир қатор босқичларда амалга оширилади. Хусусан, секторлар ишчи гуруҳлари томонидан бириктирилган маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари ходимлари ва фаоллари билан бирга барча йўналишдаги муаммолар ҳар ярим йилда бир маротаба – ярим йиллик биринчи ойининг дастлабки 15 кунида уйма-уй юриш орқали шакллантирилади. Бундан ташқари, хотин-қизларнинг мурожаатлари ва анкета-сўровномалар орқали ҳам аниқлаб борилади.

Хотин-қизларнинг аниқланган муаммолари секторлар штаблари котиблари ва фуқаролар йиғини ходимлари томонидан уларнинг шахсий индивидуал анкеталарига 3 кундан ошмаган муддатда киритилади, идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади. Шунга қараб, аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси аниқланади.

Мазкур масалалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январда қабул қилинган “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топди. Унга кўра, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.

Ушбу ҳужжатга асосан, “Аёллар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача миқдорда кредитлар ажратилади. Шунингдек, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан тўрт бараваригача, яъни 446 минг сўмдан 892 минг сўмгача миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин. Бир марталик ёрдам олган хотин-қизлар “Аёллар дафтари”дан чиқарилмаган ёки бир йил ичида қайта киритилган ҳолларда бу моддий ёрдам бир календар йили давомида бир маротаба берилади. Ушбу рўйхатга икки ва ундан ортиқ ортиқ масалаларини ҳал этиш учун киритилган хотин-қизларнинг мурожаатлари тўлиқ ҳал этилгач, дафтардан чиқарилади.

Албатта, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бандлигини таъминлаш бугунги куннинг асосий вазифаларидан бири. Зеро, аёлларни, оналарни асраб-авайлаш билан биз – келажак авлод саналган ўз зурриёдларимизнинг соғлом ўсиши, баркамол вояга етишини таъминлаган бўламиз.

Абдували Бўриев,

ЎзА