Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда анъанавий халқаро SCOPUS конференцияси бўлиб ўтди (+видео)
21:09 / 2025-05-05

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган халқаро илмий-амалий конференцияларнинг навбатдагиси – “GeoTech VI–2025: Геотехнология, кончилик ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш” мавзусидаги Scopus конференцияси бўлиб ўтди.

Таъкидлаш ўринлики, ушбу нуфузли илмий анжуман кончилик, геотехнология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида олиб борилаётган илғор тадқиқотлар ва халқаро тажриба алмашинувининг муҳим майдонига айланиб бормоқда.  

Конференцияда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларусдан келган таниқли олимлар кончилик саноатида рақамли технологияларни жорий этиш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, ер ости бойликларини қазиб олиш жараёнида экологик хавфсизликни таъминлаш каби долзарб масалалар юзасидан ўз маърузалари ва илмий ишланмалари билан иштирок этди.

– Кон-металлургия соҳасида экологик хавфсизлик асосий масалалардан бири саналади, – дейди Россиянинг Красноярск ўлкаси фан ва техника уйи директори, профессор Игорь Ковалев. – Конференцияда айни шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди, ҳар бир мамлакатдан келган олим ўз тажрибалари юзасидан тақдимотлар қилишди. Шубҳасиз, экология – комплекс масала. Бу йўналишдаги илмий-тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик нафақат давлатлар иқтисодиёти, балки жамият ҳаёти учун ҳам муҳим.

[gallery-23170]

Анжуманда илгари сурилган таклифлар орасида кончиликда рақамли моделлаштириш, сунъий интеллект асосида хавфсизлик тизимларини яратиш, инновацион технологиялар орқали чиқиндиларни камайтириш каби ғоялар алоҳида эътиборни тортди. Бундан ташқари, ёшларга мўлжалланган илмий танловлар ва тажриба алмашиш дастурларини кенгайтириш, қўшма илмий лабораториялар ташкил этиш режалаштирилди.

– Конференцияда алоқа тизимининг ишончлилиги алгоритми мавзусида маъруза қилдим, – дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети доценти Муҳиддин Исмоилов. – Тадбирда халқаро миқёсдаги олимлар билан бирга ўзим изланаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича фикр алмашдим. Уларнинг маслаҳатлари ва тавсияларини олдим. Албатта, бу тавсиялардан илмий ишимда фойдаланаман.  

Қайд этиш керак, Навоий шаҳрида ҳар йили ўтказилаётган кон-металлургия саноатига бағишланган “GeoTech” илмий-амалий конференцияси соҳа тараққиётини таъминлашга қаратилган муҳим илмий платформага айланиб улгурди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Eeyp4sPAM2o" title="Navoiyda an’anaviy xalqaro SCOPUS konferensiyasi bo‘lib o‘tdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари