Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ҳокимлиги томонидан буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимлиги вакиллари, вилоятдаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, адабиётшунос олимлар, ижодкор зиёлилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида сана муносабати билан жойларда ўтказиладиган турли тадбирларни юқори савияда ташкиллаштириш борасида сўз юритилиб, Алишер Навоийнинг бой адабий-маънавий мероси, унинг ўзбек давлатчилиги тараққиёти, маърифат ва илм-фан равнақида тутган ўрни ҳақида атрофлича фикрлар билдирилди.
Қайд этилганидек, Алишер Навоий нафақат улкан шоир, балки халқ манфаатларини юксак қўйган давлат арбоби сифатида ҳам тарихда ўчмас из қолдирган. Унинг асарлари орқали инсонпарварлик, адолат, ватанпарварлик ва комил инсон ғоялари кенг тарғиб этилган бўлиб, бу ғоялар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Айниқса, Навоий ғазаллари ва достонларида илгари сурилган ғоялар ёш авлод тарбиясида муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
– Жорий йилда ҳам Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан қатор маънавий-маърифий тадбирлар, интеллектуал беллашувлар, ғазалхонлик кечалари ўтказилиши белгиланган, – дейди Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Рустам Ҳайитов. – Жумладан, мактаб ўқувчилари иштирокида “Навоий ворислари” номли кўрик-танловнинг вилоят босқичи ўтказилса, барча корхона ва ташкилотларда “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтмоқда. Шунингдек, вилоятдаги ҳар бир умумтаълим мактабида “Алишер Навоий синфи” ташкил этилиб, унинг асарлари тарғиботи йўлга қўйилмоқда.
Бугунги кунда Навоий давлат университетида “Алишер Навоий номидаги илмий тадқиқот маркази” фаолияти йўлга қўйилган. Марказда буюк мутафаккир асарлари тадқиқ этилиб, таржималар қилинмоқда, китоблар нашр этилмоқда. Алишер Навоий асарлари тарғиботига бағишланган платформа яратилиб, маълумотлар жойланмоқда. Талабалар ўртасида челленж ташкил этилиб, ҳар бир талаба камида Навоийнинг 3 та ғазалини ёд олиши юзасидан ташаббус илгари сурилган.
Тадбир доирасида Навоий давлат университетининг фаол талабалари томонидан буюк мутафаккир ҳаёти ва ижодига бағишланган театрлашган саҳна кўриниши намойиш этилиб, ғазалларидан намуналар ўқилди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари Алишер Навоий таваллудини кенг нишонлаш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари