Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 84,9 фоизга етказилади
19:02 / 2024-06-11

2023 йилда барча манбалар ҳисобидан ажратилган 265 миллиард сўм маблағ эвазига қарийб 1067 км ичимлик суви тармоқлари тортилиб, 28 та ичимлик суви иншоотини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган. Натижада 90 минг 296 нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 36 минг 415 нафар аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминотини яхшилашга эришилди.

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 76 фоиздан 84,7 фоизга етказилди. 

Бу ҳақда “Навоий сув таъминоти” АЖ ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. 

Матбуот анжуманида ичимлик ва оқова сув таъминоти соҳасида 2024 йилдаги устувор вазифалар ҳақида ҳам маълумот берилди. 

[gallery-17791]

Таъкидланганидек, 2023 йил 25 декабрдаги “2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, 2024 йил Инвестиция дастури доирасида республика бюджетидан ажратилган 18,4 миллиард сўм маблағ эвазига Нурота туманидаги Қадоқ, Тутли, Қирҳовут, Анна, Ботқоқ ва Тиконли қишлоқлари аҳолиси сони ўсишини инобатга олган ҳолда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 48 км янги ичимлик суви қувурлари тортиш ҳамда 1 дона сув иншооти қуриш ишлари, шунингдек, Навбаҳор тумани тиббиёт бирлашмаси ва мавжуд кўп қаватли уйлар учун 8 км оқова сув тармоқлари ётқизиш ва 1 дона оқова сув тозалаш иншооти қуриш белгиланган. Бугунги кунда пудратчи ташкилотлар томонидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. 

Ушбу ишларни амалга ошириш натижасида вилоятдаги марказлашган ичимлик суви қамров даражаси 84,9 фоизга етказилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 октябрдаги “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, Навоий вилояти “Иссиқлик манбаи” ДУК тасарруфида бўлган ичимлик ва оқова сув тизими объектлари “Навоий сув таъминоти” АЖ балансига ўтказилиши белгиланган эди. 

– Шу кунга қадар “Иссиқлик манбаи” ДУК томонидан Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, Учқудуқ тумани ва Конимех тумани Зафаробод шаҳарчаси аҳолиси ва хўжалик юритувчи субъектларга ичимлик суви, оқова сув, техник сув ва ирригация сувлари етказиб берилган, – дейди “Навоий сув таъминоти” АЖ директори Отабек Зарипов. – Жорий йилнинг 10 июнидан бошлаб эса ичимлик ва оқова сув тизими объектлари “Навоий сув таъминоти” АЖ тасарруфига ўтказилди. Эндиликда 92 минг 449 нафар жисмоний, 2 минг 292 та юридик шахс бўлган истеъмолчига жамият томонидан хизмат кўрсатилади. 

Матбуот анжуманида тизим мутасаддилари журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди. 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари