Бугун юртимизнинг барча жойларида давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини нишонлашга муносиб тайёргарлик кўриш, “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ободонлаштириш ойлигини ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Маҳаллаларни ободонлаштириш” ойлиги доирасида умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу ҳашар Навоий вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Ҳашар доирасида барча маҳаллалар, аҳоли яшаш хонадонлари, кўп қаватли уй атрофлари, гузар ва хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, кўча ва болалар майдончаларида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқармаси матбуот хизматининг берган маълумотига кўра, ҳозиргача умумхалқ хайрия ҳашарида вилоятда 200 мингга яқин юртдошларимиз иштирок этган. Уларнинг 115 минг нафари ёшларни ташкил этади.
Бугун 560 гектардан ортиқ ер майдонлари ободонлаштирилди, қарийб 600 тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланди. 300 дан зиёд қабристонлар, 50 га яқин зиёратгоҳлар ободонлаштирилди, салкам 187 минг дона дарахтга шакл берилиб, оқланди.
[gallery-3525]
Бу сафарги хайрия ҳашарида кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ҳашар доирасида 200 зиёд эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонлари таъмирлаб берилди. Бунинг учун 150 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бундан ташқари, 400 дан зиёд эҳтиёжманд, 200 га яқин ногирон ва ёлғиз қарияларга қарийб 90 миллион сўмлик моддий ёрдамлар ажратилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш керак, хайрия ҳашари муносабати билан барча корхона, ташкилот ва муассасалар ишчи-хизматчиларининг бир кунлик иш ҳақи ихтиёрий равишда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ва унинг жойлардаги бўлимлари ҳисоб рақамига ўтказилади ва ҳашардан тушган маблағлар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз қарияларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, “Нуроний” жамғармаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари моддий техник базасини мустаҳкамлаш, ички туризм ва тадбиркорликни ривожлантириш каби вазифалар ҳам хайрия ҳашаридан тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА