Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активлари, жумладан, корхоналардаги давлат улушлари, бўш турган давлат мулки объектлари ва сотилиши белгиланган ер участкалари тўғрисида навбатдаги “Roadshow” (тақдимот) ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти, унда тадбиркорлик субъектларига яратилган имтиёзлар ва ҳар хил бюрократик ҳолатларни қисқартириш бўйича яратилган енгилликлар тўғрисида маълумотлар берилди.

– Қарорга мувофиқ, Навоий вилоятида устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари, давлатга тегишли 107 та бўш турган, самарасиз фойдаланилаётган ва асосий фаолиятга оид бўлмаган активларни аукцион савдолар орқали хусусийлаштириш белгилаб берилди, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлигининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерзод Жумаев. – Шунингдек, мазкур қарорга асосан, эндиликда маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кaмбaғaлликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари томонидан ўз ҳудудларида майдони 2 минг квадрат метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объекти ёки ер участкаларини онлайн-буюртманомаси асосида Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилиши белгиланди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўлганда – “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали юборилган онлайн-буюртманома уч кун муддатда тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилиши, ижобий хулоса берилган тақдирда, икки ҳафта муддатда тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тартиби жорий қилинди.

Хусусийлаштирилиши белгиланган 107 та объектдан 37 таси 32 миллиард сўмга, 128,4 гектар майдондан иборат жами 1276 та ер участкаси 10,5 миллиард сўмга, жумладан, 43 таси мулк ҳуқуқи, 1233 таси ижара ҳуқуқи асосида аукцион савдоларига чиқарилиши таъминланди. Айни пайтда 70 та объектда хатловдан ўтказиш ва баҳолаш ишлари олиб борилмоқда.

– Тадбирда нафақат хусусийлаштириш режалаштирилган объектлар билан танишдик, балки, уларнинг айримларини жойига бориб кўриб, улар тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлдик, – дейди Навбаҳор туманида фаолият кўрсатаётган “Bentonite" МЧЖ директори Феруз Фармонов. – Жумладан, Навоий шаҳрида жойлашган “Imperium invest” МЧЖ томонидан хусусийлаштирилган собиқ 2-сонли бетон ишлаб чиқариш заводи бино-иншоотларида лойиҳа қиймати 8,9 миллиард сўм бўлган “Азбест шифер”, “Ihlas Elektrik” МЧЖ томонидан жами 60,8 миллиард сўмга харид қилинган “Polietilen quvurlar” МЧЖ ва “Polipropilen quvurlar” МЧЖларда қувур маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнлари, “Eko granit” МЧЖ томонидан бўш турган объект негизида лойиҳа қиймати 8 миллиард сўмлик нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан танишдик.

Вилоятда жорий йил 6 ойи мобайнида 55 та давлат активлари 72,2 миллиард сўмлик баҳоланган қийматларда “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали оммавий савдоларга чиқарилган бўлса, улардан 7 та активл, шу жумладан, 2 таси акция ва улушлар, 5 та объект 40,4 миллиард сўмга сотилиши таъминланган.
Абдували Бўриев, ЎзА