Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Навоий вилоят бошқармалари томонидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “2025 йилнинг ўтган 6 ойи давомида бажарилган ишлар ҳамда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар” таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Дастлаб Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармаси томонидан 2025 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, олиб борилган мониторинг ва назорат тадбирлари давомида 922 та ҳолатда 47,2 гектар ер майдони юридик ва жисмоний шахслар томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз ноқонуний эгаллаб олингани аниқланган.
– Мазкур қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида барча ҳуқуқбузарларга ёзма огоҳлантиришлар берилиши натижасида 657 та ҳолатда 38,8 гектар ер майдонларидаги ноқонуний қурилмалар фуқароларнинг ўз ихтиёри билан бартараф қилинди ҳамда ер майдони аввалги ҳолатига қайтарилиши таъминлади, – дейди Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Дониёр Нишонов. – Қонуний талабларни бажармаган шахсларга нисбатан эса судларга даъво аризалари киритилиб, мажбурий тартибда буздириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, 12 та ҳолатда 1,1 гектар суғориладиган ерда аниқланган ноқонуний қурилмалар юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига материаллар юборилган.
[gallery-24397]
Бундан ташқари, олиб борилган ўрганишлар давомида 179 та ҳолатда 676,5 гектар ер майдонлари фуқаро ва тадбиркорлар томонидан мақсадсиз фойдаланилаётгани маълум бўлди. Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли ҳокимликларга тақдимномалар киритилди. Натижада 176 та ҳолатда 653,2 гектар ер майдонлари давлат захирасига қайтарилиши таъминланди. Қолган 3 та ҳолатда 23,2 гектар ер майдонларини қайтариш ишлари давом этмоқда.
Бугунги кунда ер ва кадастр назорати шаффофлигини таъминлаш мақсадида Кадастр агентлигининг туман ҳамда шаҳар бўлимлари 35 тадан замонавий планшет ва боди камералар билан таъминланган.
Матбуот анжуманида Давлат кадастрлари палатасининг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ҳам жорий йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлари таҳлили кўриб чиқилди.
Жумладан, бошқарма ва унинг ҳудудлардаги бўлимлари ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида 14 минг 109 та объект хатловдан ўтказилди. Хатлов натижасида 10 минг 812 та объект “УЗКАД” (Ягона кадастр ахборот тизими) платформасида рўйхатга олиниб, 5 минг 792 та объект махсус “Эътироф” ахборот тизимига юкланди.
Давлат кадастрлари палатасининг Навоий вилояти бошқармасига кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича электрон дастур орқали келиб тушган 32 минг 733 ариза (буюртма)нинг 21 минг 835 таси давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, 8 минг 412 таси Давлат хизматлари марказлари ва маълум сабабларга кўра рад қилинган, 1 минг 372 таси эса тўлов тўлаш жараёнида.
Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан “УЗКАД” ва “ДАВРЕЕСТР ПРО-2” дастурлари орқали турар жой объектларига кадастр паспортини расмийлаштириш учун жами 23 минг 303 та ариза келиб тушган. Уларнинг 4 минг 697 таси рад қилинган, 647 та ариза кўриб чиқилмоқда, 361 та ариза тўлов жараёнида. 17 минг 598 та ариза эса якунланган.
– Навоий вилоятида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларни босқичма-босқич хатловдан ўтказиш бўйича маҳаллалар кесимида режа-график жадвалига асосан 2025 йилнинг 1-ярим йиллигида 101 та маҳалла фуқаролар йиғини чегараси “УЗКАД” дастурига юкланди, – дейди Давлат кадастрлари палатасининг Навоий вилояти бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар шўъбаси бош мутахассиси Шоҳрух Абдурахимов. – “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан 2025 йилда “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимига жами 1661 та 675,3 гектар ер участкалари жойлаштирилиб, комиссияларга тақдим этилган. Шунингдек, “Якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан эса 61 та 2,36 гектар ер участкалари тизимга жойлаштирилди.
Ҳозирда Давлат кадастрлар палатаси Навоий вилоят бошқармасининг филиаллари архивида жами 262 минг 618 та жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кадастр йиғмажилдлари мавжуд. Мазкур ҳужжатлар хатловдан ўтказилиб, Конимех туманида 10 минг 544 та, Кармана туманида 16 минг 300 та, Нурота туманида эса 4 минг 486 та кадастр йиғмажилдлари ҳужжатлари қайта тартиблаштирилди.
Матбуот анжумани сўнггида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари