Мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланиши, жамият фаровонлигининг ошишида энергия ресурслари муҳим аҳамиятга эга.
Хусусан, аҳолининг маиший эҳтиёжи ва ишлаб чиқариш тизимини табиий ёқилғиларсиз тасаввур этиш қийин. Сўнгги йилларда энергия соҳасида олиб борилган ислоҳотлар хавфсизликни таъминлаш, тежамкорликка эришиш ҳамда йўқотишларнинг олдини олишда ўз натижасини кўрсатмоқда.
Табиий газ таъминотида рақамли иқтисодиётнинг жорий этилиши ва таъминотнинг икки босқичли тизимга ўтказилиши пировардида бу борадаги мавжуд муаммолар ўз ечимини топмоқда.
Айни вақтга қадар Навоий вилоятида “ақлли” ҳисоблагичлар тўлиқ ўрнатиб бўлинган ҳудудлардаги 1007 та газ тақсимлаш қурилмаси демонтаж қилиб олинди. Ҳозирда уч босқичлидан икки босқичли газ таъминоти тизимига модернизация қилинган хонадонлар сони 42 869 тани ташкил этмоқда.
– Газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтган маҳаллаларда табиий газ босими йилнинг ҳар қандай фаслида бир меъёрда бўлади, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали масъул ходими Жайнар Абдуллаев.
– Чунки газ босими ҳудудлардаги газ маромлаш пунктлари орқали назорат қилинмайди. Замонавий ҳисоблагичларга ўрнатилган регулятор (маромлаш қурилмаси)нинг ўзи бу вазифани бажаради. Вилоятда тадбир бошидан буён газ ҳисоблаш ускуналарига 68 минг 673 та ана шундай қурилма ўрнатилди. Туман ва шаҳарларда босқичма-босқич газ тақсимлаш қурилмаларини демонтаж қилиб олиш ишлари давом этмоқда. Йил охирига қадар яна 334 та қурилмани демонтаж қилиш кўзда тутилган.
Ушбу тизим турли йўқотишларнинг олдини олиш билан бирга соҳада иш самарадорлиги ва унумдорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги билан ажралиб туради.
Аббдували Бўриев, ЎзА