French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда 410 миллиард сўм маблағ маҳаллий бюджет ихтиёрида қолдирилди
16:38 / 2022-01-22

Навоий вилояти давлат солиқ бошқармасида “2021 йилда тизимда амалга оширилган ишлар, солиқ сиёсатидаги янгиликлар ва мавжуд муаммолар ечими” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Дастлаб вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Анваржон Ботиралиев вилоят солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилган ишларга қисқача тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, солиқ юкининг камайтирилиши, имтиёзларнинг жорий этилиши қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилмоқда. Натижада, тадбиркорлик субъектлари сони ортиб, янги иш ўринлари яратилмоқда.

Белгиланган бюджет даромадлари прогнози қарийб 1 триллион 401 миллиард сўмга, маҳаллий бюджет даромадлари бўйича белгиланган прогноз 1 триллион 864 миллиард сўмга бажарилди. Натижада 410 миллиард сўм маблағ маҳаллий бюджет ихтиёрида қолдирилди.

Вилоятда қонунийликни таъминлаш, ҳалол тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий кўмак бериш, фаолиятини тиклаши учун муносиб ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Якунланган йилда 1865 нафар тадбиркорга тадбиркорлик субъектларини ортиқча харажатлар ва қонун бузилишларидан сақлаш мақсадида ҳисоботларини тўлдириш ва топширишга кўмаклашилди. Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг 433 тасига фаолият туридан келиб чиқиб, оптимал солиқ режими танлаб берилди.

Айланма маблағга муҳтож бўлган 31 та тадбиркорлик субъектига 3 миллиард 317,3 миллион сўм кредит олинишига кўмаклашилди.

[gallery-5537]

– 2022 йил 1 январь ҳолатига вилоятимизда 5034 та қўшилган қиймат солиғи тўловчилари мавжуд бўлса, 2021 йил якуни билан 927 та ҚҚС тўловчиларга 218 миллиард 294 миллион сўм қўшилган қиймат солиғидан салбий фарқ суммаси уларнинг ҳисоб рақамига қайтариб берилди, – дейди А.Ботиралиев. – Натижада, тадбиркорларнинг айланма маблағи яна ортишига имконият яратилди. Жорий йил солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришларга мувофиқ қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сони яна ортиши режалаштирилган. Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, вилоятимизда ҚҚС тўловчилари сафи яна 185 тага ортмоқда.

Афсуски, солиқ тўловчиларга кўмак бериш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилса-да, айрим тадбиркорлар белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлашдан қочишга уринмоқда.

– Тизимда солиқ қарзини ундириш ишлари доимий равишда таҳлил қилиниб, мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида 2021 йил давомида 82,6 миллиард сўмлик солиқ қарзи бюджетга ундирилган, – дейди А.Ботиралиев. – Шунингдек, Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан тан олинган солиқ қарздорликлари бўйича мажбурий ижро бюроси ҳамкорлигида 1633 та тадбиркорлик субъектининг 21,4 миллиард сўмлик солиқ қарзига нисбатан мол-мулклари хатланди. Хатлов жараёнларида 529 та тадбиркорлик субъектининг 12,1 миллирд сўм солиқ қарзи ундирилиши таъминланди.

Навоий вилояти ҳудудида 8 минг 177 та чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган хўжалик юритувчи субъектлар шохобчалари онлайн назорат-касса машиналари тизимига уланди. 7 минг 352 та чакана савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари QR-кодлар шахсий кабинети орқали шакллантирилди.

Ўтган 2021 йил давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 495 та ҳолатда солиққа оид қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, шундан, 476 та ҳолатда назорат касса машиналаридан фойдаланмаслик, 19 та ҳолатда ҳисоб-китоб терминлларидан тўловларни қабул қилишни рад этиш бўйича тегишли чоралар қўлланилган.

Анжуманда 2022 йил солиқ қонунчилигига киритилган ўзгариш ва қўшимчалар тўғрисида ҳам маълумот берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Солиқ кодексининг 89 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Кодексга янги битта бўлим киритилди.

Солиқ тизимида “E-ijara”, “E-aktiv”, “E-imtiyoz” каби электрон, ахборотлашган хизматлар ишга туширилди. Бу солиқ тўловчиларнинг электрон хизматлардан самарали фойдаланиши, ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Матбуот анжуманида саволларга тизим мутахассислари томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА