Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда 38 та илмий лойиҳанинг манзилли дастури шакллантирилган
00:31 / 2022-08-21

Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да Инновацион ривожланиш вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ва Инновацион миллий офиси ҳамкорлигида “InnoWeek-2022” инновацион ғоялар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Унда 50 дан ортиқ олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари, тадбиркорлар, стартап корхоналари томонидан 500 дан ортиқ инновацион ишланмалар, технологиялар ва маҳсулотлар намойиш этилди.

– Аксарият юртдошларимиз мамлакатимизда ихтиро қилинаётган инновациялардан хабардор эмас, – дейди Навоий вилояти Инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шаҳобиддин Холбоев. – Ушбу кўргазмада вилоятдаги тадбиркорларни жалб қилган ҳолда улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан бирга олий таълим муассасалари олимлари томонидан яратилган, илмий асосланган янгилик ва инновациялар намойиш этилмоқда. Шунингдек, уларни ўзаро бир-бирига боғлаган ҳолда янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, инновацияларни амалиётга жорий қилиш мақсад қилинган. Бир сўз билан айтганда ушбу кўргазма келажакда илм-фан ва ишлаб чиқаришни ўзаро боғлаш учун асосий майдон бўлиб хизмат қилади.

[gallery-8428]

– Бугунги кўргазмада масофавий таълимни ташкил этиш ва видеодарсликлар яратиш учун мўлжаланган “LED Doska - дастурий – қурилмалар” Start UP инновацион лойиҳаси билан иштирок этяпман, – дейди “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Рақамли коммуникациялар бўлими бошлиғи Баҳодиржон Абдуллаев. – Ушбу студия ёрдамида дарс ўтиш жараёнида махсус сенсорли шаффоф шишада ёритиш чироқлари орқали маркер ёки стилус билан турли ёзув, формула, чизма ва шаклларни чизиш мумкин. Энг асосийси, улар ёрқин рангда ажралиб туради. Доскада мавзуни ёзувлар билан тушунтириш жараёнида графика, анимация ва тақдимотлар ўзаро видеотасвир ҳамда барча жараёнлар реал вақтда ва қўшимча таҳрирларсиз (монтаж қилмасдан) компьютер дастури ёрдамида амалга оширилади. Доска ёрдамида видео ва on-line дарсларни бир вақтнинг ўзида ёзиб олиш, YouTube, ZOOM ва бошқа платмормалар орқали on-line узатиш, тингловчилар билан мулоқот қилиш имконияти мавжуд. Шунингдек, FullHD ва 4K форматдаги сифатли видеоёзув, тиниқ овоз, ўқитувчи ва тингловчи билан визуал контактнинг сақланиб қолиши, маълумотларни ёрқин рангда ажралиб туриши каби афзалликлар мавзунинг барча тингловчилари учун тушунарли бўлишга хизмат қилади ва масофавий таълим сифатини оширади.

Навоий вилоятининг инновацион салоҳиятини кўтариш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2021 йилда 9 та тижоратлаштириш лойиҳаларга 8 миллиард сўм маблағ ажратилди ва 6 та янги ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлаб, 10 дан ортиқ турдаги янги инновацион маҳсулот ишлаб чиқарила бошланди.

Шунингдек вилоятда инновацион фаолиятни янада жадаллаштириш мақсадида умумий қиймати 41,9 миллиард сўмлик 38 та илмий лойиҳаларнинг манзилли дастури шакллантирилди. Бундан ташқари Кармана инновацион тумани учун умумий қиймати 19,8 миллиард сўмлик 22 та, Қизилтепа инновацион тумани учун эса умумий қиймати 5,5 миллиард сўмлик 7 та тижоратлаштириш ва стартап лойиҳалари шакллантирилди.

Кўргазма доирасида Навоий эркин иқтисодий зонаси ҳудудида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Хитой Фанлар академияси билан ҳамкорликда “China-Uzbekistan Medicine Technical Park” хорижий корхонаси қурилишига старт берилди.

Шунингдек, кўргазмада вилоятдаги иқтидорли ёшларни қамраб олиб, уларнинг инновацион лойиҳаларини рағбатлантиришга қаратилган “Technoways” технологик ривожланиш марафони ҳам ўтказилиб, энг яхши 3 та лойиҳа саралаб олинди ва лойиҳалар муаллифлари муносиб тақдирланди.

 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА