2025 йилнинг 5 декабрь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳаларни ишга тушириш маросимида иштирок этди.
Тадбирда мамлакатнинг жадал ривожланиши, аҳоли эҳтиёжининг ортгани ишончли, узлуксиз ва экологик тоза энергия манбаларини жорий этишни тақозо қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Маросимда қиймати қарийб 11 миллиард долларга тенг 42 та янги энергия қувватлари ва инфратузилма объектлари ишга туширилгани маълум қилинди. Шу билан бирга, яна 21 та йирик лойиҳанинг қурилишига расман старт берилди. Кейинги йилларда энергетика соҳасига 35 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб қилингани, 9 минг мегаваттдан зиёд қувватлар ишга туширилгани мамлакатнинг энергетика хавфсизлиги ва барқарорлиги мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

Навоий вилоятида ҳам 300 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва унга ҳамоҳанг 75 МВтлик электр энергиясини сақлаш тизими қурилиши бошланди. Хитойнинг “SINOMA” компанияси инвесторлигида “Navoiy Clean Energy Technology” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳа қиймати 260 миллион долларни ташкил этади. Кармана туманидаги 522 гектар майдонда олиб борилаётган лойиҳалаш ва қурилиш ишларида Хитой ҳамда маҳаллий компаниялар ҳамкорликда фаолият юритмоқда.

Лойиҳа тўлиқ фойдаланишга топширилгандан сўнг, йилига 650 миллион кВт соат “яшил” энергия ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу 270 минг хонадоннинг бир йиллик электр истеъмолига тенгдир. Шунингдек, иншоот ишга тушиши натижасида 196 миллион куб метр табиий газ тежалади ва атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар 273 минг тоннага камаяди. Лойиҳа доирасида 25 та доимий иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлиб, станция 2026 йилда ишга туширилади.
Янги станциянинг қурилиши нафақат минтақада, балки республика миқёсида ҳам энергия таъминоти барқарорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА