Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда 280 та маҳаллада сайловлар якунланди
09:59 / 2022-05-27

“Бўстон” маҳалласи Нурота туманининг энг чекка ҳудуди ҳисобланиб, туман марказидан 60 километр узоқликда жойлашган. Маҳалла 2022 йилнинг январь ойида “Қадоқ” маҳалласидан ажралиб чиққан бўлиб, 6 та қишлоқдан иборат. Бу ерда 631 та оилада 2780 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг асосий қисми узумчилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Ҳудудда 4 та мактаб ва битта оилавий шифокорлик пункти мавжуд.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга мувофиқ ўтказилаётган сайловга қизғин ҳозирлик кўрилди. Сайловга тайёргарлик жараёнида тузилган Ишчи гуруҳи томонидан ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда раислик лавозимига обрў-эътиборга эга, қонунчиликда белгиланган талабларга мос номзодларнинг ҳужжатлари туман ҳокимлигига тақдим этилгандан кейин икки нафар номзод саралаб олинди.

Ўтказилган сайловда 226 нафар вакил иштирок этди ва уларнинг 178 нафари амалда вақтинча раислик вазифасини бажариб келган Эшмуҳаммад Сафоев номзодини қўллаб-қувватлади.

– Маҳалламиз туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган, – дейди фахрий журналист Абдумутал Норбоев. – Ўтказилган маҳалла раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларимиз фаол иштирок этди. Улар раисликка кўрсатилган икки нафар номзод орасидан ўзлари муносиб деб билган номзодга овоз берди. Маҳалла ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Муаммо ва камчиликлар етарли. Бугун сайлаган раисимиз маҳалланинг ҳар томонлама гуллаб-яшнаши, унинг ободлиги учун ўз куч-ғайратини аямайди, деб ишонамиз.

Жорий йилги сайловларда вилоятдаги 330 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғинида раис (оқсоқол) сайланиши режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар 280 тасида сайлов якунланди. Жумладан, Зарафшон ва Ғозғон шаҳарлари, Нурота, Томди, Учқудуқ, Навбаҳор ва Конимех туманларидаги барча маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида раис (оқсоқол) сайлаб бўлинди. Уларнинг 178 таси илк бор ушбу масъулиятли вазифага сайланган бўлса, 102 нафар амалдаги раисларга ишонч билдирилган.

 

Абдували Бўриев, ЎзА