Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоийда 26 та умумтаълим мактаби директори ишдан бўшатилди
15:48 / 2021-02-11

Навоий шаҳридаги "Ёшлар маркази"да вилоят халқ таълими бошқармаси, туман, шаҳар умумтаълим мактаблари раҳбарлари иштирокида онлайн матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Бугунги кунда вилоятда 365 та умумтаълим мактаби, 11та Баркамол авлод мактаби, битта Болалар кутубхонаси, 2 та Меҳрибонлик уйи фаолият олиб боради. Умумтаълим мактабларида 181 минг 233 нафар ўқувчига 20 707 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда. Уларнинг 884 нафари олий, 3078 нафари 1-тоифага эга ўқитувчилардир.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, 2019/2020 ўқув йилида ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари бўйича Навоий вилояти биринчи ўринни эгаллаган.

– Ҳар йили Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан умумтаълим мактаблари рейтинги эълон қилиб борилади, – дейди Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Марат Шамуратов. 

– Рейтингни аниқлашнинг муҳим жиҳатларидан бири республика бўйича ўқувчилар билимини баҳолашни Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD), Таълим ютуқларини баҳолаш халқаро ассоциацияси (EAI) каби нуфузли ташкилотларнинг PISA, TIMSS, PIRLS каби ўқувчилар билимини баҳолаш дастурлари даражасига олиб чиқишда таълим муассасаларига кўмаклашишдан иборат. Вилоят туман ва шаҳарларида миллий рейтингни аниқлаш бўйича қуръа ташлаш натижаларига кўра 10 та ҳудуд кесимида 35 та умумтаълим мактаби аниқланди. “Таълим кўрсаткичлари паст бўлган 26 та мактаб директори ишдан олинди. Бугунги кунда 70 га яқин мактаб директори лавозими бўш турибди. Ҳозирда биз халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига кўриб чиқиш учун номзодларни беряпмиз.

[gallery-1119]

Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра жорий йилда 168 ўринли Президент мактаби қурилади. Бундан ташқари, 8 та умумтаълим мактабида реконструкция, 4 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 84 миллиард 822 миллион сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Айни пайтда вилоятдаги мактабларни “телефонсиз ҳудуд” га айлантириш бўйича иш олиб борилмоқда. Бу борада ота-оналар ва педагоглар иштирокида ижтимоий сўровнома ўтказиляпти. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига асосан барча мактабларга 36 турдаги спорт анжомлари етказиб бериш назарда тутилган.

Биринчи босқичда тизимдаги масъуллар, мактаб директорлари ўқувчиларга намуна кўрсатиши шарт этиб белгиланди. Бунда ёшларда ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш мақсадида она Ватан, юртни мадҳ этувчи шеърларни ифодали ўқиш орқали намуна кўрсатиш режалаштирилган. Иккинчи босқичда эса тизимда фаолият юритадиган барча бу жараённи давом эттиради. Мақсад, ифодали ўқиш орқали ўқувчиларда шеъриятга бўлган қизиқишни янада оширишдан иборат.

Анжуман савол-жавоб тарзида ўтказилди. Журналистларнинг таклифига кўра, яқин кунларда “қизил” ҳудудга киритилган тумандаги мактаблар фаолияти ўрганилиб, ярим йиллик якунида олиб борилган ишлар бўйича якуний маълумот тақдим этилади.

 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА