Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида бошқарма ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция бошқармаси томонидан олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида ОАВ вакиллари учун пресс тур ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчилар Навбаҳор туманидаги “Хўжам ота” фермер хўжалигида бўлишди. Бу ерда тизим мутахассислари пресс тур иштирокчиларига тупроқ таркибини аниқлаш жараёнлари бўйича маълумот беришди.
– Тупроқ таркиби, яъни шўрланиш даражаси икки усулда аниқланади, – дейди Мелиоратив экспедиция бошқармаси бўлим бошлиғи Бахтиёр Полвонов. – Биринчи усулда уч хил чуқурликдан, яъни 30 см, 70 см ва 1 метр чуқурликдан тупроқ намуналари олиниб, ҳар бири қоғоз халтачаларга солинади. Қоғоз халтачаларга фермер хўжалиги номи, контур рақами ёзилади. Тупроқ намуналари лабораторияга келтирилиб қуритилади ва тегишли тартибда шўрланиш даражаси аниқланади. Иккинчи усул эса жойига бориб, кондуктометр ускунаси орқали тупроқнинг шўрланиш даражаси ўлчанади. Тупроқ олиш жараёнлари 20 сентябрдан бошланади. Шўрланиш даражасига қараб шўр ювиш ишлари олиб борилади. Бу жараён декабь ойининг 20 санасидан бошланади.
[gallery-9616]
Пресс-тур иштирокчилари Кармана туманидаги “Касаба” насос станциясида бўлиб, фермер хўжаликлари ва аҳоли экин ерларига сув етказиб бериш жараёни билан танишишди. Дастлаб ОАВ вакиллари насос станцияси ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазишди.
– Насос станциямиз 1977 йилда фаолият бошлаган бўлса, 2017 йилда қайта таъмирланган, – дейди насос станцияси муҳандиси Ихтиёр Туробов. – Шу ҳудуддаги аҳоли ва 60 нафар фермернинг 6 минг 600 гектар ер майдонига сув етказиб берамиз. Бу ерда 7 дона насос агрегати мавжуд бўлиб, ҳар бирининг сув чиқариш қуввати 1,9 метр куб секундни ташкил этади. Насосларимиз қарийиб 49 метр баландликка сувни кўтариб беради.
Пресс-тур иштирокчилари учун бошқармада матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси 1-ўринбосари Дадахон Ражабов ва Мелиоратив экспедиция бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Сафаровлар маълумот берди.
Таъкидланганидек, 2022 йилда суғориш мавсумида экин майдонлари учун вилоятга жами 869 миллион метр куб сув ажратилган. Президентимизнинг 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, жорий йилда вилоятда 16 минг 403 гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, шундан, 14 минг 517 гектар майдонда томчилатиб суғориш, 1 минг 886 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий қилиш белгиланган эди. Амалда эса 2442 гектар майдонда томчилатиб суғориш, 1096 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий этилган.
2023 йилда эса вилоятда 25 минг гектар, шундан 5 минг 600 гектар майдонда томчилатиб, 10 минг гектар майдонда ёмғирлатиб, 1 минг 500 гектарда дискрет тизимида суғориш, 7 минг 900 гектар ерда лазерли текислаши жорий қилиш ишлари белгиланган. 41 та насос станцияларида сув миқдорини онлайн мониторинг қилувчи қурилмалардан 39 таси вазирлик серверлари билан боғланган. 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида 61 та “Ақлли сув” қурилмалар ўрнатилган.
– Вилоятда жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 182,4 километр узунликдаги ирригация тизими каналлари тозаланиб, улардаги 98 дона гидротехника иншоотлар ва 116 дона гидропостларда таъмирлаш ишлари амалга оширилган, – деди. Д. Ражабов. – Ички суғориш тармоқлари ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги ички суғориш тармоқларининг 351,7 километр қисми механизм ёрдамида, 1392,6 километри қўл кучи ёрдамида тозаланиб, улардаги 430 дона гидротехника иншоотлар ва 588 дона гидропостлар таъмирланган. Ўз навбатида, фермер хўжаликларининг 942 дона сув олиш жойлари сувни бошқариш ва ўлчаш воситалари билан жиҳозланган.
Матбуот анжуманида тизим мутахассислари ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА.