Термиз шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали бўй кўрсатиб турган муаззам майдонда буюк бобокалонимиз таваллудининг 585 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Эрта тонгдан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчи ва шоирлар, талаба ва ўқувчи ёшлар жам бўлган майдонда Термиз давлат университети ректори А.Тошқулов, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари М.Алламуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти, бой маданий мероси ва уларнинг бугунги кундаги қадр-қиммати ҳақида атрофлича фикр юритди. Ул зотнинг асарлари жаҳон халқларининг бебаҳо маънавий меросига айлангани таъкидланди.
Нодир асарлари ва юксак хислатлари билан инсониятни асрлар давомида адолат, комиллик ва эзгулик каби олийжаноб фазилатларга чорлаб келаётган улуғ аждодимиз Алишер Навоийни нафақат халқимиз, балки дунё аҳли ўзгача меҳр ва ҳурмат билан улуғлаб келади. Серқирра ижоди ва ибратли ҳаёт йўлини катта қизиқиш билан ўрганиб, бой меросидан баҳра олади. Зеро, Навоий ҳазратлари сиймоси шоир ва ёзувчилар, адабиёт мухлислари учун сўз мулкининг султони, олим ва фузалоларга тенгсиз мутафаккир, давлат хизматчилари учун моҳир давлат арбоби, ёшларга маънавий комилликка етаклайдиган устоз, кексалар учун содиқ маслакдош бўлиб гавдаланади.
Алишер Навоий атоқли шоир, халқ манфаатларини барча нарсадан устун қўйган давлат арбоби сифатида ўчмас из қолдирган буюк шахс. Ул зотнинг асарларида тарғиб этилган инсонпарварлик, адолат, ватанпарварлик ва комил инсон ғоялари бизнинг давримизда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аксинча, нафис ғазал ва достонларида тараннум этилган қарашлар ёш авлод тарбиясида муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
– Ўз даврида ўзбек тилининг бой ва жозибадор мулоқот воситаси эканини кенг намоён этиб, гўзал асарлар яратган Ҳазрат Навоийдан катта маънавий қадрият мерос қолган, –дейди Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Менгнор Алламуродов. – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу қадриятлар янги қиёфада бўй кўрсатиб, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат, юртга муҳаббат ва буюк аждодларимиз меросига чуқур ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Вилоятда Навоий таваллудининг 585 йиллиги ҳам кенг нишонланиб, турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, интеллектуал беллашувлар, ғазалхонлик кечалари ўтказилаётгани бунга яққол далилдир. Дунё адабиётшунослари ҳануз Навоий меросини катта қизиқиш билан ўрганаётганида ҳам чуқур маъно бор. Зотан, Навоий ижодини, ул зотнинг шахсини яхши билиш, юксак фазилатларидан ибрат олиш жамиятни тараққиётга, инсонни комилликка етаклайди.
[gallery-27550]
Тантанали тадбирда шоирлар ва талаба-ёшлар Алишер Навоий ғазалларидан намуналар ўқиди. Санъаткорларнинг саҳна кўринишлари намойиш этилди. Буюк шоир ғазаллари асосида яратилган куй-қўшиқлар куйланди. Мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Маросим Термиз шаҳридаги Санъат саройида вилоят мусиқали драма театри санъаткорлари саҳналаштирган спектакль намойиши билан якунланди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА мухбирлари