French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилоятининг туризм салоҳияти таҳлил этилди
14:11 / 2026-02-11

Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи ҳамда туризм соҳаси вакиллари иштирокида Навоий вилоятида туризмни ривожлантириш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли тадбирлар ўтказилди.

Дастлаб Республика ишчи гуруҳи аъзолари Конимех тумани Янгиқазган овулида бўлиб, ҳудудни “туризм овули”га айлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни кўриб чиқди. Унда Конимех туманининг бугунги туризм салоҳияти, режалаштирилаётган янги лойиҳалар ҳамда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари Нурота туманида бўлиб, ҳудуднинг тарихий-маданий обидалари, табиий-рекреацион зоналари, зиёрат ва экотуризм йўналишларидаги имкониятлари, мавжуд инфратузилма ҳамда истиқболли лойиҳалар бўйича тақдимотда иштирок этди. Тақдимот давомида янги туризм йўналишларини шакллантириш, сервис хизматларини кенгайтириш, оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ривожлантириш ва маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Республика ишчи гуруҳи томонидан Нурота туманида жойлашган тарихий коризлар ҳам кўздан кечирилди. Нурота ҳудуди Марказий Осиёдаги энг қадимий коризлар жойлашган ҳудудлардан бири ҳисобланиб, “Мастон”, “Зулм”, “Зулфиқор” каби коризлар асрлар давомида аҳолини сув билан таъминлаб келган. Учрашувда “Нурфахр” МФЙ ҳудудидаги коризни туризм масканига айлантириш лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа доирасида мазкур тарихий меросни асраш, янги иш ўринлари яратиш, автотураргоҳ, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, томоша майдончалари ҳамда санитария шохобчаларини барпо этиш режалари белгиланди.

Шунингдек, Хатирчи туманидаги Лангар ва Ангидон туризм маҳаллаларида оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш ҳамда Олтинсой маҳалласида тиббиёт туризмини ривожлантириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди. Бу ташаббуслар ҳудудий туризм салоҳиятини ошириш, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ва туристик хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган.

Ташриф доирасида вилоятда фаолият юритаётган 50 дан ортиқ тадбиркорлар, туроператорлар, ҳунармандлар, меҳмонхона ва ресторанлар, транспорт хизматлари ҳамда музейлар вакиллари иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ҳам ташкил этилди.

[gallery-27580]

Очиқ мулоқот давомида сафари туризми, экотуризм, зиёрат, тарихий-маданий, гастрономик ва ҳунармандчилик туризми йўналишларида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, туризм инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда хизматлар сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Республика ишчи гуруҳи раҳбари А.Аққулов томонидан ўтказилган тақдимотда Навоий вилоятида 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.

Тадбирлар якунида билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида Навоий вилоятида туризм соҳасини янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифа ва чора-тадбирлар белгиланди.

А. Бўриев, С. Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари