Навоий вилоятида 1203 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларнинг 217 таси давлат, 78 таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 6 таси хусусий, 902 таси оилавий боғчалардир. Болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси ўтган беш йил ичида 34,1 фоиздан 81,9 фоизга етди. 2023 йил якунигача бу кўрсатгични 84 фоизга етказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги “Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарорига асосан 2022 йилнинг 1 январидан вилоятдаги давлат мактабгача таълим ташкилотининг 60 тасида аутсорсинг усулида овқатлантириш тизими йўлга қўйилган.
Навоий вилояти Мактабгача таълим бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ва вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида маълумот берилди.
Вилоятда 3-7 ёшдаги болалар сони 82 минг 57 нафарни ташкил этади. Айни пайтда уларнинг 67 минг 186 нафари боғчаларга қамраб олинган. 6 ёшли болаларни мажбурий таълимга қамраб олиш мақсадида ўтган йили қўшимча 58 та мажбурий таълим гуруҳлари фаолияти шакллантирилди.
[gallery-10534]
– Тизимда жами ходимлар сони 11 минг 646 нафарни ташкил этиб, уларнинг 5 минг 898 нафари педагоглардир, – дейди вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ўткир Тиллаев. – Педагогларнинг 4 минг 381 нафари давлат мактабгача таълим ташкилотларида, 1 минг 517 нафари нодавлат секторда фаолият юритади. 2022 йилда тизимда фаолият юритаётган раҳбар ва педагогларнинг 905 нафари тегишли малака ошириш курсларига жалб этилди.
Якунланган йилда 59 та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган бўлса, умуман боғча мавжуд бўлмаган 8 та маҳаллада 17 та оилавий боғчалар ташкил этилди.
Вилоятда Инвестиция дастури доирасида 18,2 миллиард сўмлик 6 та 750 ўринли, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурига асосан 36 миллиард сўмлик 12 та 2450 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди ва жиҳозланди. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” массивларида 300 ўринли 2 та давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилмоқда. Ҳозирда вилоятнинг мавжуд 330 та маҳалласидан 11 тасида умуман мактабгача таълим ташкилотлари йўқ. Мазкур ҳудудларда нодавлат МТТларини ташкил этиш юзасидан назорат режаси ишлаб чиқилган.
Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга тизим мутасаддиларидан атрофлича жавоб олди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА