Навоий вилоятида кейинги йилларда ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Навоий сув таъминоти”АЖ ва Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида атрофлича сўз юритилди.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг 1 январь ҳолатига вилоятдаги мавжуд маҳаллаларнинг 201 таси тўлиқ, 113 таси қисман марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган маҳаллалар аҳолисига тасдиқланган графиклар асосида махсус техникалар орқали ичимлик суви етказиб берилмоқда. Қиёсий таҳлил шуни кўрсатадики, охирги 7 йил ичида 39 та маҳаллага илк бор ичимлик суви етказилиб, яна 75 та маҳаллада мавжуд тизимлар реконструкция қилиниши натижасида таъминот сезиларли даражада яхшиланди.
– Бугунги кунда вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан қамрови 85,7 фоизни ташкил этмоқда, – дейди АЖ директори Отабек Зарипов. – Шу билан бирга, айрим туманларда ушбу кўрсаткич вилоят ўртача даражасидан пастлиги сақланиб қолмоқда. Хусусан, Конимех, Томди, Нурота, Хатирчи ва Қизилтепа туманларида ичимлик суви таъминотида муаммолар мавжуд. Бу эса келгусида инвестиция ва реконструкция ишларини айнан ушбу ҳудудларга йўналтириш зарурлигини кўрсатади.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мавжуд инфратузилманинг муайян қисми жисмонан ва маънан эскирган. Вилоятдаги 269 та сув иншоотининг 32 фоизи ҳамда 5 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоқларининг қарийб бешдан бири 1970-1980 йилларда қурилган бўлиб, бу ҳолат тизимли реконструкция ишларини талаб этмоқда. Шу каби муаммолар оқова сув хизматларида ҳам кузатилади. Айни пайтда шаҳарлар ва йирик туман марказларида истиқомат қилувчи аҳолининг атиги 25,8 фоизи оқова сув хизматлари билан қамраб олинган.
2025 йилда соҳадаги мавжуд муаммолардан келиб чиққан ҳолда кенг кўламда профилактика, жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. “Баҳор-ёз” мавсумига тайёргарлик доирасида 5 та сув тиндиргич, 97 та резервуар ва 38 та сув миноралари тозаланиб, зарарсизлантирилди. Шунингдек, 55 тадан ортиқ насос ускуналари, 450 километр ичимлик ва оқова сув тармоқларида таъмирлаш, 311,1 километр оқова сув тармоқларида ювиш ва тозалаш ишлари амалга оширилиб, минглаб техник носозликлар бартараф этилди. Бу эса ўтган йилга нисбатан авария ҳолатларини қарийб 10 фоизга камайтириш имконини берди.
Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишда сув сифати устидан назорат ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Якунланган йилда 11 мингдан ортиқ сув намуналари таҳлил қилиниб, лабораторияларнинг миллий стандартларга мувофиқлиги таъминланди. Шу билан бирга, санитария хизматлари билан ҳамкорлик кучайтирилди.
[gallery-27248]
Соҳада иқтисодий интизомни таъминлаш ҳам кун тартибидаги масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Айни пайтда ичимлик ва оқова сув хизматлари бўйича дебитор қарздорлик 19,4 млрд сўмни ташкил этиб, унинг асосий қисми Навоий ва Зарафшон шаҳарлари, Кармана, Навбаҳор ва Учқудуқ туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Қарздорликни ундириш мақсадида судларга даъво аризалари киритилиб, муайян маблағларни ундиришга эришилди.
Шу билан бирга, соҳада рақамлаштириш ишлари кенг жорий этилиб, истеъмолчилар учун қатор қулайликлар яратилмоқда. Онлайн тўловлар, шахсий кабинет орқали маълумот тақдим этиш, электрон маълумотномалар олиш имкониятлари аҳоли сарсонгарчилигини камайтириб, хизматлар шаффофлигини оширяпти. Натижада мурожаатлар сони қисқариб, истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати юксалмоқда. Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари