5-Навоий округ сайлов комиссиясида комиссия раиси Нормурод Исоқов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови вилоятдаги мавжуд 411 та сайлов участкасида эрталаб соат 08:00 дан бошланди. Вилоятда жами 622 минг 413 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 51 фоизини аёллар ташкил этади. Ногиронлиги бор сайловчилар сони 6203, 70 ёшдан юқори бўлган кекса сайловчилар эса 27 минг 280 нафарни ташкил этади. Бу йилги сайловда 18-30 ёшдаги ёшлар 185 минг 528 нафарни ташкил этиб, шундан 17 минг 316 нафари илк бор сайловда иштирок этмоқда.
[gallery-4393]
Вилоятдаги 11 та сайлов участкасида сайлов жараёнларини онлайн кузатиш имконияти мавжуд. Вилоятнинг олис ҳудудларида яшовчи фуқароларнинг сайловда иштирок этишлари учун ҳам қулай шароитлар яратилган. Хусусан, Навоий вилоятидаги энг олис сайлов участкаси Учқудуқ тумани “Кўкаяз” овул фуқаролар йиғинидаги 14-умумтаълим мактабида жойлашган 196-сайлов участкаси ҳисобланади. Ушбу участка вилоят марказидан 530 километр узоқликда жойлашган бўлиб, 57 нафар сайловчиси мавжуд.
Бугун соат 11:00 га қадар вилоятдаги сайлов участкаларига жами 272 минг 700 нафар сайловчи келиб, ўзи истаган номзодга овоз берди. Бу умумий сайловчиларнинг 43,8 фоизини ташкил этади. Шунингдек, Навоий вилоятида сайловга тайёргарлик кўриш ва бевосита овоз бериш жараёнларини кузатиш учун хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг 22 нафар вакиллари ташриф буюрган. Улар айни дамда сайлов участкаларида бўлиб, жараёнларни кузатмоқда.
Сайлов жараёнлари эса вилоятда уюшқоқлик билан давом этаяпти.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА