Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Uzbekistan Airways” АЖ раҳбарияти ва ходимлари иштирокида йўловчи ташиш ва уларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, аҳоли мурожаатларини жойида ижобий ҳал этиш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди.
Унда Савдо-саноат палатаси, туризм, Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий бошқармалари, жисмоний ва юридик шахслар, авиачипталар сотуви агентлари, сайёҳлик компаниялар, тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сайёр қабулда “Uzbekistan Airways” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Шуҳратилло Ядгаров, бошқарма бошлиғи Шуҳрат Мирсаидов, “Uzbekistan Helicopters” МЧЖ директори Ҳакимбой Утамов ва бошқалар йўловчи ҳамда юк ташиш билан боғлиқ масалалар ҳақида сўз юритди. Авиақатновларни кўпайтириш ва фуқароларнинг ҳаво транспортида ҳаракатланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида авиакомпания олдига қўйилган устувор вазифалар ҳақида тўхталиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Учрашувда Савдо саноат палатаси вилоят бошқармаси, сайёҳлик ташкилотлар вакиллари, авиаташувлар сотуви агентлари тизимни янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва тавсиялари билан ўртоқлашди.
– Бугунги учрашув биз тадбиркорлар учун жуда фойдали ва самарали бўлди, – дейди “Travel.uz” туристик агентлиги раҳбари Отабек Абдухалимов. – Учрашувда авиакомпания раҳбарияти билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлиб, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик. Таклиф ва тавсияларимизни бериб, ҳамкорлик қилиш бўйича ўзаро келишиб олдик.
[gallery-25531]
Сайёр қабул доирасида йўловчиларни қийнаётган муаммолар, авиа қатновларни кўпайтириш, соҳага қизиқувчи ёшларни иш билан таъминлаш бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА