Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Навоий вилоятида қуввати 300 МВт (600 МВт соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилади
10:08 / 2025-12-20

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Навоий вилоятида қуввати 300 МВт (600 МВт соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, келишилган битимларга мувофиқ: 

а) Инвестор ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзи томонидан ташкил этиладиган Лойиҳа компанияси фойдасига воз кечади; 

б) Лойиҳа компанияси ўз зиммасига электр энергиясини сақлаш тизими фойдаланишга кафолатланган тарзда тайёр туришини таъминлаш мажбуриятини олади; 

в) Лойиҳа компанияси Лойиҳа доирасида электр энергиясини сақлаш тизимини ягона электр энергияси тармоғига улаш учун электр узатиш тармоқлари ва подстанция қуради ҳамда ишга туширилгандан сўнг уларни Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга топширади. Бунда: 

Лойиҳа компаниясининг электр узатиш тармоқлари ва подстанция қуриш учун сарфлаган харажатлари электр энергиясининг тарифи таркибида кўзда тутилади; 

электр узатиш тармоқлари ва подстанция "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга бепул топширилади, шунингдек, ушбу объектлар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди; 

г) "Ўзэнергосотиш" АЖ ўн беш йил давомида электр энергиясини сақлаш тизимидан фойдаланганлик учун ҳамда Лойиҳа компанияси томонидан электр узатиш тармоқлари ва подстанция қуришга сарфланган харажатлар тўлиқ қоплангунига қадар ушбу харажатларни белгиланган тарифга қўшган ҳолда тўловни амалга ошириш мажбуриятини олади; 

д) электр энергиясини сақлаш тизимидан фойдаланганлик учун тўловлар чет эл валютасида деноминацияланган қатъий тариф бўйича миллий валютада амалга оширилади; 

ж) Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 10,8 миллион АҚШ доллари миқдорида биринчи даражали банк кафолатини тақдим этади; 

з) электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш билан боғлиқ қурилиш ва ер ишларини бажариш, бино ва иншоотлар пойдеворларини лойиҳалаштириш нормалари ва қоидалари Битимларга мувофиқ халқаро стандартлар билан тартибга солинади. 

Лойиҳани амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, Лойиҳа компанияси ҳуқуқини Лойиҳани молиялаштиришда иштирок этадиган бошқа кредиторларга тўғридан-тўғри ўтказиш ҳақида битимлар тузиш ҳуқуқи берилади. 

Навоий вилояти ҳокимлиги: 

а) Энергетика вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Лойиҳа компанияси билан биргаликда олти ой муддатда Лойиҳани амалга ошириш доирасида Навоий вилояти Томди тумани ҳудудида электр энергиясини сақлаш тизимини, электр узатиш тармоқларини ва электр инфратузилмаси қурилмаларини қуриш учун зарур ер участкаларини танлаб олиш ҳамда уларнинг чегараларига аниқлик киритиб, тегишлилиги бўйича оммавий сервитут белгилаш ва тоифасини ўзгариш юзасидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига таклифлар киритади; 

б) Лойиҳа компанияси томонидан тақдим этиладиган лойиҳа ҳужжатлари асосида танланган ер участкаларини Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратади. Бунда: 

Энергетика вазирлиги ўзига берилган тегишли ер участкалари Лойиҳа компаниясига электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш ҳамда Лойиҳа компанияси ва "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖга электр тармоқларини ва электр энергетикаси инфратузилмаси қурилмаларини қуриш учун Лойиҳани амалга ошириш муддатига тенг даврга ижарага берилишини таъминлайди; 

в) Лойиҳа компанияси уч ой муддатда ер участкалари олиб қўйилаётган ер эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачиларига етказилган зарарларни, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари амалга оширилишини таъминлайди. 

Маълумот учун, олдинроқ электр энергиясини ишлаб чиқариш манбаларини диверсификациялаш, аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида: 

а) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва “Abu Dhabi Future Energy Company PJSC — Masdar" (БАА) компанияси Ўртасида “Навоий вилоятида қуввати 300 МВт (600 МВт соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш“ инвестиция лойиҳаси доирасида 2025 йил 3 декабрда инвестиция шартномаси имзоланган; 

б) инвестиция шартномасига мувофиқ, Инвестор Навоий вилоятида 180 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция жалб этган ҳолда қуввати 300 МВт (600 МВт соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини лойиҳалаштириши, молиялаштириши, қуриши ҳамда эксплуатация қилиши; 

в) 2025 йил 3 ноябрда Инвестор билан "Ўзэнергосотиш" АЖ ўртасида Электр энергиясини сақлаш хизмати бўйича битим ҳамда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ўртасида Тармоққа улаш тўғрисида битим  имзолаган эди. 

ЎзА