Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилоятида қатағон қурбонлари хотираси янгидан тикланмоқда
12:15 / 2025-11-27

Мустабид тузум давридаги қатағон сиёсати халқни ўзликдан, миллатни миллийлигидан, инсонни инсонийлигидан айирди. Қатағон давлатнинг, тузумнинг оммавий жазолаш, қийноққа солиш, бегуноҳ халқни асоратда, тутқунликда ушлаб туриш, қўрқитиш, босим, тазйиқ ўтказиш қуролига айланди. Бу қатағон барча халқлар қаторида Ўзбекистон халқи бошига ҳам мислсиз оғир кулфатлар ёғдирди.

“Халқ душмани”, “Халқ душманининг боласи” деган тамға-ю, таъна-дашном гирдобида изтироб чеккан халқимиз бу оғир юкни қанча вақт кўтариб юрганини биласизми? Бир оиладан ноҳақ айбланиб, қатағон қилинган инсон армон билан дунёдан кўз юмган бўлса, унинг ортида қолган яқинлари ҳам бунинг жабрини тортишга маҳкум эди. “Мустабит тузум” сиёсати туфайли қанчадан қанча ёшларимиз, ҳали “чимилдиқ” кўрмасдан, энди “мўйлаби сабза урган” ўсмирларимиз ҳам қатағон қилингани, ҳатто айби тўла исботланмасдан туриб, аввал отилиб, ўлимидан сўнг ҳукм эълон қилинган зиёлиларимизнинг аянчли тақдири манбаалардан бизга маълум. Бу аччиқ ҳақиқат ҳар бир ватанпарвар инсоннинг қалбини ўртайди, тинчлик ва мустақилликнинг қадрини янада оширади. Вақт ўтиб қанча авлод алмашмасин халқимизга нисбатан қилинган жабру ситамлар юки ўзининг залворини йўқотган эмас. 

Халқимизнинг юрагида турган оғир юкни енгиллатиш, дардига малҳам бўлиш, инсон, унинг қадр-қиммати энг улуғ қадрият эканлигини ҳаётда амалий ифодалаш йўлида Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрда қабул қилинган “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши халқимиз кутган эзгу ғоянинг амалий ифодаси бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Мазкур фармойиш туфайли “Қатағон қурбонлари”нинг номлари оқланишига яна бир бор замин яратилди. 

Шу маънода Навоий вилоятининг Хатирчи, Нурота, Кармана, Конимех ва Қизилтепа туманларида амалга оширилган илмий сафарлар, ўрганилган маҳаллий архив ҳужжатлари асосида 4200 нафардан ортиқ  қатағон қурбонлари номма-ном аниқланди ва хотира китобларига киритилди.

Уларнинг 3650 нафари 1925-1936 йилларда амалга оширилган жамоалаштириш, қулоқлаштириш даврида жабрланган, турли сиёсий айбловлар билан қатағон қилинганлар, 249 нафари 1937-1938 йилларда амалга оширилган “Катта қирғин” давомида отилган, қамоққа олинган ва умри концентрацион лагерларда хазон бўлган, 301 нафари эса “Пахта иши” туфайли ноҳақ айбланиб, қатағон этилган навоийликлардир.

Мажбурий тусда амалга оширилган оммавий коллективлаштиришда Навоий вилоятининг чорвадор районлари ҳам четда қолмади. 1931 йил 4 апрелдаги йиғилишда чорвадор районлардаги “қулоқ” хўжаликларига тегишли бўлган чорва ҳайвонларини мусодара қилиш миқдорлари белгиланган. Биргина Хатирчи туманида 1400 чорваси бўлган 27 та хўжаликдан 1200 та қоракўл қўзи ва 5117 бош бўрдоқи қўй тортиб олинган ҳамда улар колхоз ва совхозлар ихтиёрига топширилган.

1932 йил 8 майда Нурота туманида ўтказилган деҳқонлар ва камбағаллар йиғинида “қулоқ” хўжалиги деб топилган ва сургунга тортилган 31 хўжалик устидан ҳукм чиқарилган. Хўжалик аъзоларининг 50 нафарини эркаклар, 53 нафарини аёллар, 81 нафарини қариялар ва ёш болалар ташкил қилган. 

1930-1933 йилларда Кармана туманининг Янги ариқ, Жалойир, Дўрман, Айрончи, Қиёт, Мозор ва бошқа қишлоқларидаги ўнлаб хўжаликларнинг ҳам мол-мулклари мусодара қилиниб, “қулоқ”қа тортилишдан четда қолмади. 

“Учлик”нинг 16 майдаги йиғилиши билан сургунга ҳукм қилинган 32 та “қулоқ” хўжаликларида 6 ҳафталик чақалоқ ҳамда 60 ёшли онахон ҳам бор эди. 

Бугунги кунда Навоий давлат университети ҳузурида фаолият олиб бораётган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида 10 та бўлим, 32 та мавзулаштирилган экспозицияда айнан шу каби қатағон қилинган юртдошлар ҳақидаги маълумотларни кўриш мумкин. Ушбу музей ўз маъносида вилоятнинг яқин тарихини ўрганадиган илмий-тадқиқот марказига айланиб улгурди. Экспозицияга қўйилган икки мингга яқин экспонат бундан дарак беради.

Тадқиқотлар натижасида “Зарафшон воҳасида амалга оширилган қатағонлик сиёсати ва унинг оқибатлари”, “Уларнинг айби буюк бўлгани”, “Ўзбекистондан сафарбар қилинган “меҳнат армиячилари” тарихи (1941-1945 йиллар)”, “Мангуликка дахлдор” номли монографик тадқиқотлар чоп қилинди ва ўз ўқувчиларига эга бўлди.

Шунингдек, университетда “Совет ҳокимиятининг Ўзбекистонда амалга оширган қатағонлик сиёсати тарихи” фани “танлов фани” сифатида тарих таълим йўналиши талабаларига ўқитиш ҳам қўлга қўйилган.

Ушбу тадқиқотларда Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги, “Мерос” халқаро илмий-амалий экспедиция хайрия жамғармаси, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди ҳужжатлари, республикамизда ва чет элда эълон қилинган ҳужжатлар ҳамда материаллар тўпламларидан фойдаланилмоқда. 

Хуршид Қурбонов, 

Навоий давлат университети “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори, 

тарих фанлари номзоди.

ЎзА