Навоийлик фермерлар жорий йилда 32 минг 588 гектар майдонга чигит экиб 110 минг 860 тоннадан зиёд улкан пахта хирмонини бунёд этди.
Бу йил вилоят бўйича 10 минг гектардан зиёд ғўза майдонларида томчилатиб суғориш жорий этилди, 5 минг гектар майдонда лазерли текислагичлар билан чигит экилди. Агротехника тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши, экиш давридан бошлаб вегетация даврида ресурс тежамкор технологиялар қўлланилиб, харажатлар миқдори камайтирилиши эвазига айрим фермер хўжаликларида ҳосилдорлик 50-60 центнерга етди.
Жорий йилда вилоят бўйича ўртача ҳосилдорлик 34 центнерга етказилиб, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 3,4 центнерга кўп. Етиштирилган пахта хомашёсининг 90 фоиздан ортиғи биринчи навга қабул қилинди. Жумладан, Қизилтепа туманидан “Гулҳаё-Мафтун”, “Абдурауф Тоғаев авлоди”, “Мустақиллик-10”, “Валиобод”, “Салимабону Ғайбулло” фермер хўжаликлари 84,6 центнергача, Кармана туманидан “Аслиддин Асадбек келажаги”, “Лочин”, “Истиқбол”, “Авез бобо”, “Умиджон 2004” фермер хўжаликлари 44,7 центнергача, Навбаҳор туманидан “Абдураҳмон-Фурқат келажаги”, “Очилова Инобат”, “Мужассам”, “Мезит”, “Янги давр жилоси” фермер хўжаликлари 47 центнергача, Хатирчи туманидан “Ҳусниддин Ғаффоров”, “Учқун-2001”, “Отамурод Жаббор”, “Нуримов Зафар бунёдкори”, “Султон бобо” фермер хўжаликлари 53 центнергача ҳосил олди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, вилоятда 17 та кластер корхонаси ташкил этилган. Шундан 2 таси “Бахт текстил” ва “Навбаҳор текстил” пахта тўқимачилик кластерлари 2017 йилдан буён фаолият юритади.
Абдували Бўриев, ЎзА