Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилоятида “Меҳрибон юрак” хайрия акциясига старт берилди
14:46 / 2020-12-05

Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ташаббуси билан вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамкорлигида “Меҳрибон юрак” III хайрия акциясига старт берилди.

2019-2020 йиллар давомида “Меҳрибон юрак” I-II хайрия акцияси давомида 25 нафар юрак хасталигига чалинган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оила фарзандлари бепул жарроҳлик амалиётлари асосида соғлом ҳаётга қайтарилган эди.

Ушбу тадбирда I-II хайрия акциясида иштирок этиб, айни пайтда соғлом ҳаётга қадам қўйган болажонлар ҳам иштирок этди. Уларнинг кўзларидаги қувонч, ота-оналарининг шукроналари ташкилотчиларга ўзгача руҳ бағишлади.

– Бу акцияни бошлашимиздан аввал жуда кучли ҳаяжон, қайсидир маънода қўрқув ҳам бўлди. Тасаввур қилинг битта жарроҳлик амалиёти учун 8-9 соат юракни тўхтатиб, уни қайта ҳаётга келтириш, жуда катта матонат ва жасоратни талаб қилади. Ўзим ҳар бир болажоннинг соғайиб кетгунига қадар юрак ҳовучлаб турдим. “Соғ-омон ота-онасининг бағрида бўлсин”, – дея ҳаракат қилган шифокорларни кўриб, фахрланмасликнинг иложи йўқ. Шунча болажонни ҳаётга қайтаришдек эзгу ишга бош-қош бўлаётганлигимиз, бевосита, шифокорларимизнинг меҳнати ва сабр-қаноатига боғлиқ. Шу сабаб ҳам биз бу эзгу ва хайрли ишимизни давом эттирмоқчимиз. Илло, бизни уларнинг дуолари қўллагай, – дейди Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи, сенатор Жамшид Ходжаев.

Дарҳақиқат, дунёга эзгулик уруғини тарқатиб, саховат қилаётган бундай фидойи инсонларимиз бор экан, ҳеч қачон бир-биримизга бўлган меҳр-оқибат бизни тарк этмайди. Шу сабаб ҳам 2021 йилда ушбу ташаббус Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази билан ҳамкорликда яна давом эттирилади.

Таъкидлаш ўринлики, акциядан кўзланган асосий мақсад юрак хасталигидан азият чекаётган болаларни даволаш, зарур бўлса жарроҳлик амалиёти ўтказиш орқали соғлом ҳаётга қайтаришдан иборат.

Абдували БЎРИЕВ, ЎзА