Бу ҳақида “Навоий сув таъминоти” МЧЖ томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
“Навоий сув таъминоти” МЧЖ раҳбари Отабек Зариповнинг таъкидлашича, айни пайтда вилоятнинг Ғозғон шаҳри ва Кармана, Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор, Нурота, Томди ҳамда Хатирчи туманларига ичимлик ва оқова сув таъминоти хизматлари кўрсатиб келинмоқда. 2023 йил 1 январь ҳолатига 94 минг 706 та абоненти мавжуд бўлиб, уларнинг 93 минг 057 таси аҳоли, 1 минг 649 таси улгуржи абонентларни ташкил этади. Ҳозирда корхона балансида 3130 километр ичимлик, 20,9 километр оқова сув қувурлари, 221 та ичимлик ва 4 та оқова сув иншоотлари мавжуд.
– 2022 йилда 56,6 миллиард сўм маблағ эвазига 332 километр ичимлик сув тармоқлари тортилиб, 18 дона ичимлик сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди, – дейди О.Зарипов. – Натижада 45 минг 994 нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминлаб, 16 минг 415 нафар аҳолининг марказлашган ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Энг муҳими, вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик сув таъминоти билан таъминланганлик даражаси 68,2 фоиздан 76 фоизга етказилди.
Вилоят марказидан қарийиб 300 километр узоқликда жойлашган Томди тумани “Томдибулоқ” ОФЙдаги Эски Томди ва Роҳат овуллари, Ғозғон шаҳрининг “Гулистон” ва “Шайхон”, Қизилтепа туманининг “Хафқориён”, Навбаҳор туманининг “Дул-дул”, Хатирчи туманининг бир қатор маҳаллалари илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланди.
[gallery-10434]
– Якунланган йилда Қизилтепа, Хатирчи, Навбаҳор ва Нурота туманларининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланмаган 24 та қишлоқ ва кўчаларига маҳаллий бюджетдан ажратилган 2 миллиард 853 миллион сўм маблағ эвазига жами 58,5 километр узунликдаги янги ичимлик сув қувурлари “Навоий сув таъминоти” МЧЖнинг ҳудудий бўлимлари ҳамда ҳудуд аҳолиси билан биргаликда ҳашар йўли билан тортилди, – дейди О.Зарипов. – Бунинг натижасида 10 минг нафардан ортиқ аҳолини илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминлашга эришилди.
Матбуот анжуманида 2023 йилда амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълум қилинди. Жумладан, 2022 йил 18 мартдаги “Франция тараққиёт агентлиги иштирокида “Навоий вилояти Кармана туманида оқова сув тизимларини қуриш” ҳамда “Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Президент қарорига мувофиқ Кармана туманида 2022-2027 йиллар давомида қиймати 30,79 миллион евро бўлган лойиҳа амалга оширилади.
Қарор доирасида 2022 йилда барча ташкилий масалалар кўрилиб, лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ташкил этилди. Қарз маблағларини қайта кредитлаш битими имзоланиб, техник вазифа ишлаб чиқилди. Жорий йилда лойиҳа доирасида танлаб олинган Консультант билан шартнома-олди келишувини имзолаш ҳамда август ойига қадар қурилиш ишларини бошлаш режалаштирилган. Мазкур лойиҳага асосан 117,2 километр оқова сув тизими, 21,3 километр босимли коллекторлар, 12 та насос станцияси ва 9800 м3/сутка қувватли 1 та оқова сув тозалаш иншооти қуриш кўзда тутилган.
Шунингдек, 2022 йилдан келгуси йилга ўтувчи ҳамда 2023 йилнинг ўзида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар учун барча манбаалар ҳисобидан ажратилган 212,6 миллиард сўм маблағ ҳисобидан жами 774 километр ичимлик сув тармоқлари, 27 дона ичимлик сув иншоотлари қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражасини 76 фоиздан 81 фоизга етказиш режалаштирилган. Натижада 101,1 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик сув билан таъминланиб, 24 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА