Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилоятида IT-park филиали очилди
10:40 / 2021-05-18

IT-Park филиалида IT-мутахассислар, фрилансерлар, START-UP жамоалар ишлаши ва ёшларга сифатли таълим бериш учун барча қулайликлар яратилган.

Бинода co-working (коворкинг), резидентлар ва стартапчилар учун офис жойлари, ахборот-коммуникация технологиялари ўқув хонаси, робототехника, киберспорт, учрашувларни ўтказиш хоналари, интервью зона ва бошқа ёрдамчи хоналари мавжуд.

– Бугун ташкил этилган IT-Park Навоий филиали ҳам ёшларни мазкур соҳага қизиқтириш, соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзларни берган ҳолда, янада кенгроқ ва самарали фаолият олиб боришлари учун имкониятларни беради, – дейди «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ директори Фарҳод Ибрагимов. – Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, лойиҳа ва стартапларни ҳаётга татбиқ этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳаларга жорий этишда кўприк вазифасини бажаради.

Эндиликда филиал вилоятда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган юридик шахслар, олий таълим муассасалари, ҳозирда Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби негизида ташкил этилган информатика ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактаб билан ҳамкорлик олиб боради.

Шунингдек, филиал қошида вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида ташкил этиладиган Рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолият олиб боради. Ҳозирги кунда 8 та шаҳар ва туманда мазкур марказлар ташкил этилган. Жорий йил давомида яна 3 та шаҳар ва туманда Рақамли технологиялар ўқув марказлари очилиши режалаштирилган. Мазкур марказлар ахборот-коммуникация технологиялари, робототехника ва киберспорт йўналишлари бўйича фаолият олиб боради.

Марказларда Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси бўйича ўқишлар ташкил этилади. Филиал ташкил этилиши натижасида вилоятда 10 та янги IT-корхоналар, юзта янги иш ўрни ва 50 дан ортиқ стартап лойиҳа ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси» МЧЖ директори Фарҳод Ибрагимов ва IT-Park нинг резиденти “RevoTech” МЧЖ директори Нодир Турдиматов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда IT-Park лойиҳасининг Навоий вилоятидаги истиқболи ҳақида сўз юритилиб, келгусидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

  

Абдували Бўриев, ЎзА