English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилоятида ҳам ғалла ўрими бошланди
15:02 / 2023-05-31

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида 2023 йил ҳосили учун етиштирилган ғалла майдонларида ўрим-йиғим мавсуми бошланди.

Жорий йилда навбаҳорликлар 8 минг 438 гектар майдонга бошоқли дон экиб, парваришлади. Туманда ғалла ҳосилини ўз вақтида сифатли ўриб-йиғиб олиш мақсадида 206 фермер хўжаликларида 67 минг 129 тонна дон йиғиштириб олиш режалаштирилган.  

Ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан олиб бориш мақсадида 22 отряд ташкил қилиниб, 110 нафар масъул жалб қилинди. Отрядларга 22 дона юқори унумли комбайнлар, шундан 8 дона “Кейс”, 12 дона “Доминатор 130”, 1 тадан “VEKTOR 410” ва “COMIA 12 SAMPO” комбайнлари, дон ташиш ишларида қатнашадиган 220 дона юк автомобиллари, 33 дона трактор тиркамалар бириктирилди.  

– Жорий йилда барча дон қабул қилиш масканлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилди, – дейди туман хокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича бош мутахассиси Бекзод Эргашов. – Ғалла парвариши билан боғлиқ барча агротехник тадбирлар, жумладан, маҳаллий ва минерал ўғит билан озиқлантириш, суғориш ишлари белгиланган талаблар асосида олиб борилди. Ўрим мавсуми бошланишидан аввал семинар ташкил этилиб, барча вазифалар белгилаб олинди.  

1-сектор ҳудудидаги “Икки ўғлон” фермер хўжалигида ўрим-йиғим ишлари бошлаб юборилди.  

– Жорий йил ҳосили учун 50 гектар майдонда бошоқли дон парваришладик, – дейди фермер Маҳмуджон Ўроқов. – Қишнинг совуғи, баҳорнинг инжиқликларига қарамасдан қилинган меҳнатимиз бугун ўз самарасини берди. Далаларимизда мўл ҳосил етиштирилган. Камида 65 центнердан ҳосил олиш ниятидамиз. Даромадимиз ҳам шунга яраша бўлади. Омборимизга тўкилган доннинг бир қисмини ишчиларимизга тарқатамиз.  

Албатта, ризқ-рўзимиз бўлган буғдойни исроф қилмасдан йиғиштириб олишда далаларда меҳнат қилаётган деҳқонлар, фермерлар, комбайнчилар ва бу жараёнга масъул бўлган бошқа мутасаддиларнинг меҳнатини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Зеро, уларнинг бугунги машаққатли меҳнати эртанги фаровон турмушимиз ва дастурхонимиз тўкинлигини таъминлайди.  

 

Абдували Бўриев,  

ЎзА