Навоий вилоятида “Фермерга мадад” ҳуқуқий акцияси доирасида ҳудудлардаги фермерлар фаолияти билан яқиндан танишилиб, улар билан давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Масалалар жойига борган ҳолда ўрганилиб, таҳлил этилаяпти.
Ана шундай тадбирлардан бири Кармана туманида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтди.
Ҳудуддаги фермерлар билан учрашув ташкил этилиб, Адлия бошқармаси мутахассислари томонидан соҳага оид қонунчиликдаги янгиликлар тушунтирилиб, тадбиркорларни қизиқтираётган саволларга аниқ жавоблар берилди.

– Акция давомида фермерларга ҳуқуқларини тушунтириш тадбирлари ўтказилади, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда фермерларнинг мурожаатлари ўрганилади, фермер хўжаликларининг муаммоларини аниқлаш бўйича сўров ўтказилиб, соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади, – дейди Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Музаффар Турдимов.
Акция доирасида мутасаддилар тумандаги “Номоз ота” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишди.
Номоз ота фермер хўжалиги 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, кўп тармоқли фермер хўжалиги сифатида фаолият юритмоқда. Хўжалик ғалла пахта, сабзавот етиштириш, чорвачилик, асаларичилик ва пиллачилик билан шуғулланади.
Айни пайтда хўжаликда 100 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, 50 та хонадон вакиллари меҳнат қилади. Фермер хўжалигида маҳсулотлар ҳосилни томчилатиб суғориш йўли орқали етиштирилади.
Мулоқот давомида иш жараёнини янада самарали ташкил этишда яратилаётган шароитлар ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбир сўнгида иштирокчиларга тарғибот материаллари тарқатилиб, ижтимоий сўровнома ўтказилди.

Абдували Бўриев, ЎзА