Шу кунларда республикамизда етиштирилаётган анор ва хурмо меваларининг тез кунда пишиб етилиши ва экспорт жараёнлари бошланишини инобатга олган ҳолда уруғ ҳамда данак мевали боғларга жиддий зарар етказиб, экспорт ҳажмининг камайишига сабаб бўлиши мумкин бўлган “Комсток қурти” ва “Анор мевахўри”га қарши курашиш мақсадида эълон қилинган “Долзарб ўн беш кунлик” доирасида Навоий вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси инспекторлари томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Навоий вилоятида жами 102 гектар анор боғлари мавжуд бўлиб, шундан 42 гектари аҳоли томорқаларига тўғри келади.
Инспекторлар томонидан “Комсток қурти” ва “Анор мевахўри” зараркунандалари тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин дала назорати ишлари амалга оширилиб, зараркунандаларга қарши кимёвий ва биологик, агротехник йўл билан кураш ишлари амалга оширилмоқда.
Кимёвий усулда дарахтлар “Комсток қурти” ва “Анор мевахўри”га қарши мосплан, конфидор, карате ва талстар препаратлари билан ишлов берилади. Биологик усулда эса псевдафикус лаборатория ва дала шароитида кўпайтирилиб комсток қурти билан зарарланган дарахтларга қўйиб юборилади. Айни пайтда ушбу зараркунанда билан 182 гектар майдон зарарланган бўлиб, Конимех туманида 6 гектар, Қизилтепада 47 гектар, Навбаҳорда 35 гектар, Карманада 42 гектар, Хатирчида 52 гектарни ташкил этмоқда.
“Долзарб ўн беш кунлик”да туман ва шаҳар инспекторлари томонидан 22 та фермер хўжалигида жами 114 гектар, 136 та хонадон томорқасида эса жами 5,4 гектар майдонда карантин дала назорати ишлари амалга оширилди. Инспекторлар томонидан жойларда семинарлар ташкил қилиниб “Комсток қурти” ва “Анор мевахўри”нинг зарари тўғрисида тушунчалар берилиб ташвиқот-тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.
Маълумот ўрнида, “Комсток қурти” коксидиялар кенжа туркумига кирадиган ҳашарот, ички ва ташқи карантин объекти ҳисобланади. Унинг танаси узунлиги 3-4 мм, тухум қўйиш даврида 5-6 мм га етади. Танаси оқ мумсимон парда билан қопланган, четларида 17 жуфт мумсимон ўсиқ, шу жумладан, тана узунлигининг ярмигача борадиган “Анор мевахўри” дарахтдаги гул, шона ва меваларни бутун вегетация мавсуми давомида зарарлайди. “Анор мевахўри”нинг капалаклари қанотларини ёзганда 12-14 мм. Танаси 7-8 мм кулранг тусда бўлади. Тухуми оқимтир сариқ, юзаси ғадир-будир, катталиги 0,75-1 мм. Қуртлари 8-11 мм, оч кулранг, боши қўнғир-қора рангда, ғумбаги 8-9 мм жигарранг бўлади.
Капалак умри давомида юзтагача тухум қўяди. Қулай шароитда тухумнинг ривожланиши 5-7 кун, қуртнинг ривожланиши ёзда 20-25 кун давом этади. Қуртлар анор доначалари билан ва доналар ўртасидаги пардалар билан озиқланади. Озиқланишни тамомлаган қурт мева косачасида ёки унинг ичида, пўстлоғи атрофида пилла ўрайди. Мева кам бўлса, қуртлар шохлар пўстлоғи остидаги луб билан озиқланади. “Анор мевахўри”нинг ёзда тўлиқ етилиши 35-40 кун давом этади. Йил давомида 5-6 та авлод беради.

Абдували Бўриев, ЎзА