Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойининг бошларида ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясининг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати томонидан Фарғона, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари ҳудудидан импорт қилинган помидор ва қалампирда зараркунанда аниқлангани учун тақиқ жорий этилганлиги тўғрисида маълумотлар тарқалган эди.
Навоий вилояти ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ушбу масалага ойдинлик киритилди.
Маълум қилинишича, Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати томонидан учта вилоятда етиштирилган помидор маҳсулотларида помидорнинг жигарранг бужмайиш вируси аниқланганлиги сабабли вақтинчалик тақиқ қўйилган.
Ушбу тақиқни ечиш ва ушбу вируснинг ҳудудларимизда мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўздавкарантин” инспекцияси томонидан 2020 йил 1 декабрдан 15 декабрга қадар долзарб 15 кунлик эълон қилинган.
− Вилоят инспекциясининг ҳудудлардаги агроном инспекторлари томонидан мавжуд 183 та иссиқхонанинг 301 гектар майдонида карантин назорати ишлари олиб борилиб, гумонланган помидор кўчатлари ҳамда меваларидан Республика карантин лабораториясига белгиланган тартибда намуналар жўнатилди, − дейди инспекция бошлиғи Отабек Мухторов. − Карантин назоратлари давомида вилоятдаги иссиқхоналарда помидорнинг жирранг бужмайиш вируси аниқланмади. Шу билан биргаликда 183 та иссиқхона маҳсулотларига маҳсулот паспортлари шакллантирилди. Ҳозирда “Ўздавкарантин” инспекцияси ҳамда Россия Федерациясининг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати билан олиб борилган музокараларда қўйилган тақиқ қисман ечилиб, Фарғона вилоятидаги бир нечта помидор етиштирувчи иссиқхонларга тақиқ бекор қилинди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан 2020 йил 11 ойи давомида мавжуд 7 та карантин объектлари, жумладан, колорадо қўнғизи, цитрус инли куяси, комусток қурти, картошка куяси, зарпечак, девпечак, какра бегона ўтлари тарқалишининг олдини олиш, шу билан биргаликда вилоятни фитосанитар тоза ҳудудга айлантириш бўйича 1577 та корхона, ташкилотлар ва фермер хўжаликлардаги 23291 гектар майдонда зараркунанда ва бегона ўтларга қарши дала назорати ишлари олиб борилди.
− Карантин назорати олиб бориш давомида 18 гектар майдонда карантин объектлар аниқланиб, кимёвий перепаратлар ҳамда агротехник усуллар билан қарши курашиш ишлари амалга оширилди, − дейди инспекция бошлиғи ўринбосари Анвар Қосимов. − 2020 йилнинг ўтган даврида 10 дан ортиқ давлатларга 24612 тонна карантин ости маҳсулотлари экспорт қилинди. Шунингдек, вилоятга хорижий давлатлардан олиб келинган 13461 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти карантин назоратидан ўтказилди.
Вилоятда фитосанитар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида корхона ва ташкилотлардаги мавжуд омборхоналарда 210 минг 754 метр куб ҳажмда ва 5124 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари зарарсизлантирилди. Инспекция инспекторлари томонидан ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан Республика лабораториясига 147 та намуна жўнатилиб, шундан 2 та ҳолатда цитрус инли куяси ва цитрус оққаноти аниқланди ва қарши кураш ишлари амалга оширилди.
Маълум қилинишича, ҳозирги кунда инспекция томонидан тўлиқ электрон шаклда ҳисобот юритилади ва дала назорати тадбирлари Е-фито тизими орқали амалга ошрилмоқда.
Е-фито тизимида ҳудуднинг ўзида электрон шаклда дала назорати далолатномалари расмийлаштирилиб, ҳудуд харитасига фермер хўжалиги тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Шу билан биргаликда тоза ва зарарланган ҳудудлар харитада қизил ва яшил ранглар билан белгиланади.
− 2020 йил давомида 1050 гектар майдонга 18 хил турдаги феромон тутқичлари тарқатилиб, зараркундаларга қарши кураш бўйича феромониторинг ишлари олиб борилди. Ферамон тутқичлар капсуласидаги жалб этувчи ҳид 500 метр радиусга тарқалиб капалакларни чақиради. Унинг таъсир этиш даври ташқи муҳитда 15 кун, иссиқхоналарда 1 ойни ташкил қилади, − дейди инспекция инспектори Охунжон Облоқулов.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга тизим мутахассислари атрофлича жавоб қайтарди.
[gallery-592]
А.БЎРИЕВ, С.АСЛОНОВ (сурат), ЎзА