Камолиддин ака Самандаровнинг асли касби инженер-механик. У 2015 йилда Кармана туманида “Фирдавсбек - Маржона” фермер хўжалигини ташкил этган.
Отаси Муродқул бобо Самандаровни қишлоқ хўжалиги ходимлари “Қишлоқ хўжалигининг пири”, дейишади. У киши узоқ йиллар давомида вилоятда қишлоқ хўжалиги тизимида турли лавозимларда меҳнат қилди. Изланишлар олиб бориб, “Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди” илмий даражасини олди.
Камолиддин ака ҳам отасининг ўгитлари ва кўрсатмаларига амал қилиб кам бўлмади. Ўтган йиллар давомида ғаллачилик ва пахтачиликдан мўл ҳосил етиштириб, мўмайгина даромад олиб келмоқда.
Ҳозирда фермер хўжалигининг 58 гектар ер майдони мавжуд. Унинг 30 гектарида пахта, 28 гектарида эса ғалла етиштирилади. Мавжуд майдонларга 8 нафар доимий, 21 нафар мавсумий ишчилар хизмат кўрсатади.
– Ўтган йили ғалладан гектаридан ўртача 80 центнер, пахтадан эса 47 центнердан ҳосил олган эдик, – дейди фермер Камолиддин Самандаров. – Пахтанинг С-1 навини экдик. Бу нав маҳаллийлаштирилган, сувсизликка чидамли, ўғитларни тез ўзлаштиради. Бу йил ҳам шу навни экяпмиз. Ерларимиз оби-тобига келган. Намгарчилиги меъёрда. Икки кунда экиш мавсумини тугатишни режалаштирганмиз. Бизнинг ҳудуд 3-секторга қарайди. Туман ИИБ бошлиғи Акмал Абдураимов тез-тез келиб муаммоларимиз билан қизиқади. Уларни имкон қадар ижобий ҳал этилишига кўмаклашади. Бугун эрталаб ҳам келиб, чигит экиш жараёнини кузатиб, қанақа ёрдам керак бўлса, тайёрлигини билдирди.
Мутахассисларнинг фикрича, чигит белгиланган муддатларда экилса эртаги, бир текис ва соғлом кўчат олинади. Бунга уруғ юмшоқ, нам ва ҳарорати етарли бўлган тупроққа қадалганида эришилади. Чигитни муддатидан олдин ёки кеч экиш кутилган натижани бермайди. Тупроқ ҳарорати 13-14 даражага етганида 10 сантиметр чуқурликка чигит қадалса, уруғ қисқа кунларда кўтарилишни бошлайди. Туксиз чигит туклига нисбатан 5-6 кун кечроқ экилади.
Бугунги кун фермери кам харажат қилиб, кўпроқ ҳосил олишни истайди.
К.Самандаров ҳам соҳада амалга оширилаётган ҳар бир янгиликдан унумли фойдаланаётган фермерлардан бири. У 2021 йилдан буён сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида 30 гектар майдонда сув тежовчи технологиялардан фойдаланиб келади. Фермернинг таъкидлашича, биргина ўтган йилда 420 миллион сўм соф фойда олган.
– 2021 йилда 1 миллиард 150 миллион сўм кредит олиб, сув тежовчи ускуналардан фойдалана бошладим, – дейди фермер. – 21 фоизлик кредитнинг 5 фоизи махсус жамғармадан қоплаб берилди. Шунингдек, ҳар бир гектар майдонга 8 миллион сўмдан субсидия ажратилди. Ҳисоб-китобларга кўра, эгатлаб суғориш жараёнида бир гектар ғўза учун тахминан 5 минг метр куб сув, 650 кило азот, 150 кило фосфор, 100 кило калий ишлатилади ва минерал ўғитларнинг 25-30 фоизини ўсимлик ўзлаштиради. Қолган қисми эса ҳавога буғланади ва сув билан бирга ташламага ҳамда ер ости сизот сувларига чиқиб кетади. Сув тежовчи ускуналарнинг жорий этилиши эса минерал ўғитлар сарфини ҳам 50 фоизгача қисқартириш имконини беради. Шунингдек, бегона ўтлар қўшимча озиқлантирилмаганлиги ва уларнинг уруғи пишиб етилмаганлиги сабабли майдон бўйлаб тарқалиши кузатилмайди. Томчилатиб суғориш тизимининг жорий этилиши натижасида сув ва минерал ўғитлар билан ишлов беришдан ташқари бошқа ресурслар ҳам тежалади. Жумладан, далани суғоришга тайёрлаш, сувни бошқариш ва эгатлар орасида назорат қилиб юриш шарт эмас. Дала культивация қилинмайди ва ўқ ариқ олинмайди. Одатдаги усулда далага трактор 25-30 марта кирса, томчилатиб суғорилганда тупроқ қотиб кетмаслиги ва ўғит сув билан берилганлиги боис 6-7 марта киради холос. Натижада мавсум давомида ҳар гектар майдондан 50-60 фоизгача дизель ёқилғиси тежалади. Шунингдек, меҳнат унумдорлиги ошиб, ишчилар сони қисқаради ва иш ҳақи харажатлари иқтисод қилинади.
[gallery-16850]
Албатта, бугунги кунда сувдан оқилона фойдаланиш долзарб масалалардан биридир. Фермер даласи ҳудудидан ўтган 650 метр узунликдаги сув ариғини бетонлаштирди. Бу ҳам сувнинг исроф бўлишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларнинг биридир. Бу йил Навоий вилоятида пахта ҳосили учун 847 та фермер хўжаликлари томонидан 28 минг 155 гектар майдонга чигит экилиб, 112, минг тонна пахта хом ашёси етиштириш режалаштирилган. Айни пайтда чигитнинг “Бухоро-6”, “Бухоро-10”, “Бухоро-102”, “Султон”, “С-01”, “Ливзара” ва “Элези” навлари экилмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари