Навоий вилоятида 141 та кузатув камераси ва 50 та радар ўрнатилган
Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида жами 141 та кузатув камераси, 50 та радар ўрнатилиб, ҳайдовчилар ҳушёрлигини ошириш мақсадида 43 та шовқин чизиқлари чиздирилди.
Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида жами 141 та кузатув камераси, 50 та радар ўрнатилиб, ҳайдовчилар ҳушёрлигини ошириш мақсадида 43 та шовқин чизиқлари чиздирилди.
– 2054 нафар ҳаракат иштирокчиларига нур қайтарувчи нимчалар ва воситалар тарқатилди, – дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳи катта инспектори Фаррух Якубов. – Тезлик билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишни кўзлаб, 144 та сунъий нотекислик барпо этилди. 299 та пиёда хизмат автомашинаси муляжлари, тунги пайтда ҳушёрликни оширувчи маёқча, 260 та жойда ёритиш чироқлари ўрнатилди. 66 та транспорт воситалари ноқонуний тўпланадиган жойлар бартараф этилди.
Бироқ, кўрилган чора-тадбирларга қарамасдан, айрим фуқароларимизда ҳуқуқий маданиятнинг етарли эмаслиги, амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”га риоя этмаслик, ҳаракат иштирокчиларининг бир-бирларини ҳурмат қилмасликлари ва менсимасликлари, хатти-ҳаракатининг оқибатини ўйламаслик, жавобгарлик ҳиссининг камлиги натижасида йўл-транспорт ҳодисалари содир этилмоқда.
2020 йилнинг 10 октябрь куни соат тахминан 04:00ларда Конимех тумани ҳудудидан ўтувчи 4 Р 57 давлат аҳамиятга эга “Қизилқум халқа” (Кармана ш. - Нурота ш. - Боймурод к. - Ўтамурод к. - Муллали к. - Томдибулоқ к.) автомобиль йўлидан Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи 2002 йилда туғилган И.Б. “Нексия 2” автомашинасини “Конимех-Боймурод” йўналиши бўйича бошқариб бориб, йўлнинг 124 км.га келган вақтида ўз йўналиши бўйича йўл қатнов қисмининг чап томонига чиқиб кетиши натижасида автомашина ағдарилиб кетади. Автомашина ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Ушбу кўнгилсиз ҳодисага ҳайдовчининг ухлаб қолиши сабаб бўлган.
Ёки 14 октябрь куни соат 13:30 ларда 1988 йилда туғилган ҳайдовчи Х.Ж. «Бережливость» МЧЖга тегишли «Isuzu» чиқинди ташиш автомашинасини бошқариб бораётиб, йўлни велосипедда кесиб ўтаётган 14 ёшли Р.М. ни уриб юборган. Натижада, Р.М. оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ҳодисага «Isuzu» ҳайдовчиси олдиндан пайдо бўлиши мумкин бўлган хавф-хатарни инобатга олмасдан тезликни оширгани сабаб бўлган.
Бу каби ҳолатлар кўплаб содир этилмоқда. Шу сабабли Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишлари учун жойларда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.