Навоий вилоятида 2021 йил ғалла ҳосили учун жами 38 минг 39 гектар ерга кузги бошоқли дон экилган бўлиб, шундан 8 минг 564 гектари очиқ майдонларга, 29 минг 474 гектари ғўза қатор ораларига тўғри келади. Айни кунларда 2021 йил ғалла ҳосили учун бошоқли дон экилган майдонларда агротехник тадбирлар олиб борилмоқда.
Кўпни кўрган тажрибали деҳқонлар кеч куз ва қиш мавсумлари келгуси йил ҳосилига тайёргарлик кўриш учун асосий давр эканлигини таъкидлайди. Бунда маҳаллий ўғит жамғаришга алоҳида эътибор қаратилади. Тупроққа маҳаллий ўғитлар солинганда тупроқнинг зичлиги камаяди, унга ишлов бериш осонлашади, ҳаво ва сув сингиши яхшиланади. Маҳаллий ўғитлар таркибида ўсимлик учун зарур бўлган барча озуқа унсурлари мавжуд бўлиб, бу қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олиш учун муҳим омил бўлиб ҳисобланади.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Кармана туманида 6 минг 120 гектар, Конимехда 1 минг 785, Қизилтепада 10 минг 224, Навбаҳорда 8 минг 682, Хатирчида 11 минг 228 гектар очиқ майдон ҳамда ғўза қатор ораларига кузги бошоқли дон экилган бўлиб, ғаллани парваришлаш бўйича белгиланган агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда ғалла экилган ҳар бир майдоннинг асосий сув ариқлари бошида 3х2х1,5 ўлчамда 7607 та ҳосил хандақлари қазилиб, гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариш ишлари давом эттирилмоқда. Айни пайтда 119 минг 382 тонна маҳаллий ўғит жамғарилди. Жумладан, Хатирчида 35 минг 562 тонна, Қизилтепада 29 минг 471, Навбаҳорда 29 минг 417, Кармана туманида 19 минг 430 тонна, Конимехда 5 минг 502 тонна маҳаллий ўғит жамғарилган.
“Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлимлари томонидан ғалла майдонларида маҳаллий ўғит жамғариш бўйича назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Бу борада сусткашликка йўл қўяётган фермерларга белгиланган тартибда огоҳлантиришлар берилмоқда. Таъкидлаш жоизки, вилоят бўйича бугунги кунда жами 36 минг 218 гектар майдонларда ғалла ниҳоллари униб чиқиб, шундан, 6 минг 50 гектари 1-2 барг, 10 минг 911 гектари 3-4 барг, 19 минг 257 гектари тўплаш фазаларида ривожланмоқда.
Шу билан бирга бошоқли донни кечиктириб экиш эвазига ривожланишдан орқадан қолган ғалла майдонлари борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
– Ҳудудлардаги айрим фермер хўжаликлари томонидан ғалла экиш ишлари кечиктирилганлиги сабабли бугунги кунга қадар вилоят бўйича 1 минг 821 гектар ғалла майдонида дон униб чиқмаганлигини кўриш мумкин, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими инспектори Собиржон Жалилов. – Бундан ташқари, вилоят бўйича 136 та фермер хўжаликларининг 2 минг 359 гектар ғалла майдони ривождан орқада қолган. Ушбу рақамларни туманлар кесимида таҳлил қилганда, Кармана туманида 14 та фермер хўжалигининг 367 гектар, Конимехда 5 та фермер хўжалигининг 125 гектар, Қизилтепада 42 та фермер хўжалигининг 629 гектар, Навбаҳорда 39 та фермер хўжалигининг 564 гектар, Хатирчида 36 та фермер хўжалигининг 674 гектар ривождан орқада қолган ғалла майдонларига тўғри келади.
Вилоятда униб чиқмаган, ривождан орқада қолган “қолоқ” ғалла майдонларини қолоқликдан чиқариш юзасидан январь-февраль ойларида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга вилоят ҳамда туман ташкилотларидан масъуллар бириктирилган.
Вилоятда инспекция инспекторлари томонидан ғалла парвариши бўйича назорат тадбирлари давом этмоқда.
Абдували Бўриев,
ЎзА мухбири