Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
12:50 / 2026-03-03

Навоий давлат университетида “Таълим муассасасида хавфсиз, ҳурматга асосланган таълим муҳитини шакллантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда университет психологлари, профессор-ўқитувчилар, тьюторлар, талаба-ёшлар, шунингдек, Навоий шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари иштирок этди.

Давра суҳбатида олий таълим муассасасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган муҳитни таъминлаш, педагог ва ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, касбий этика ва касбий чегараларга қатъий риоя этиш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.

***

Навбаҳор туман Ахборот-кутубхона маркази ҳамда Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида “Китобхон оналар” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди.

Мазкур кўрик-танлов китобхонлик маданиятини юксалтириш, оналар ўртасида мутолаа анъаналарини кенг тарғиб этиш ҳамда ёш авлодни маънавий баркамолликка ундаш мақсадида ташкил этилди.

Унда иштирокчилар ўз билим ва салоҳиятларини белгиланган шартлар асосида синовдан ўтказди.  

Ҳакамлар ҳайъати томонидан қатнашчиларнинг нутқ маданияти, сўнгги ўқиган китобини маҳорат билан шарҳлаб бериш қобилияти, шунингдек, ўқилган бадиий асарларнинг асосий ғояси ва тарбиявий аҳамиятини китобхонларга етказа олиш маҳорати баҳолаб борилди.

Кўрик-танлов якунида ғолиб ва совриндорлар туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда Ахборот-кутубхона маркази томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

***

Қизилтепа туманидаги мактаб ўқувчилари ўртасида волейбол бўйича “Туман ИИБ бошлиғи кубоги” мусобақаси ўтказилди.

Муросасиз кечган баҳслар натижасида 2012-2013 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида 1-ўринни 28-мактаб, 2014-2015 йилларда туғилганлар ўртасида 16-мактаб ўқувчилари эгаллашди.

Ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, энг яхши волейболчи ўсмирлар туман ИИБ бошлиғининг диплом ва совғалари билан тақдирланди.

А. Бўриев, ЎзА мухбири