Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
Тадбир жараёнида фуқаро Ч.У. таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган 19 қути ва 100 капсуладаги воситаларни фуқаро С.С.га 4 миллион сўм эвазига сотган вақтида ушланди. Шунингдек, тезкор тадбир давомида ундан қўшимча равишда яна 13 қути ва 100 капсула кучли таъсир қилувчи воситалар ашёвий далил сифатида олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251-1-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***
Зарафшон шаҳридаги Ёшлик маҳалласида замонавий спорт мажмуаси – “Проформ” фойдаланишга топширилди.


Нуронийлар ва спортчилар иштирок этган тадбирда шаҳар ҳокими Назирбек Раҳманов сўзга чиқиб, юртимизда спортни ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Мазкур спорт мажмуаси қарийб 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига ташкил этилган. Бу ерда 50 турдаги замонавий спорт анжомлари мавжуд бўлиб, бодибилдинг, аралаш жанг санъати (ММА), эркин кураш ва греплинг каби спорт турлари билан шуғулланиш имконияти мавжуд. Мажмуада 10 та янги иш ўрни яратилган.

Тадбир давомида иштирокчилар спортчиларнинг машғулот жараёни ва мажмуада яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири