Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:14 / 2026-01-09

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги 10 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига, шунингдек, Хатирчи туман соғлиқни сақлаш бўлими ҳамда Республика тез тиббий ёрдам марказининг Навоий вилояти филиалига 1368 дона замонавий планшетлар топширилди.

Мазкур техник воситалар соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш ва замонавий ахборот технологияларини тиббиёт амалиётига кенг жорий этиш, тиббиёт ходимларининг кундалик фаолиятини енгиллаштириш, электрон ҳужжат айланишини такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва тезкорлигини оширишга хизмат қилади.

Планшетларни топшириш тадбирида сўзга чиққанлар ушбу ташаббус соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштиришдаги муҳим босқич эканини алоҳида таъкидлади.

***

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети спорт мажмуасида профессор-ўқитувчилар ҳамда ишчи-ходимлар жамоалари ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича “Ректор кубоги” мусобақаси ташкил этилди.

Университет жамоаси ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жамоавийлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, шунингдек, спорт орқали дўстона муҳитни янада кучайтириш мақсадида ўтказилган мусобақада 10 дан ортиқ эркак ва аёллар жамоалари иштирок этди. 

Якуний натижаларга кўра, аёллар ўртасидаги баҳсларда 1-ўринни Кимё-металлургия факультети, эркаклар ўртасида эса “Кончи” спорт клуби жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. 

Барча ғолиб ва совриндор жамоалар муносиб тақдирланди.

***

Учқудуқ туман Экология бўлими ходимлари томонидан ўтказилган рейд тадбири давомида фуқаролар И.Д. ва Қ.Д. томонидан белгиланмаган жойга қурилиш чиқиндиларини ташлаш ҳолати аниқланди. 

Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 91¹-моддаси 1-қисми талабларига зид ҳисобланади.

Аниқланган қоидабузарлик учун фуқароларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида, яъни 1 миллион 648 минг сўмдан жарима қўлланилиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири