Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Навоий давлат университети Тиллар факультети Инглиз тили ва адабиёти йўналиши ҳамда “Siene and Innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида “Глобаллашув жараёнида замонавий тилшуносликнинг фан, таълим ва амалиёт билан интеграцияси: янги ёндашувлар, имкониятлар ва муаммолар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда тилшуносликнинг таълим тизими билан уйғунлашуви, глобал тенденцияларнинг лингвистик тадқиқотларга таъсири, янги илмий методлар ва уларнинг самарадорлиги, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш механизмлари каби масалалар бўйича профессор-ўқитувчилар ва илмий тадқиқотчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Конференция якунида иштирокчиларга сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди.



***
Нурота тумани Жарма маҳалласи Оққула қишлоғида жойлашган 12-умумтаълим мактабида сунъий қопламали ўйингоҳ фойдаланишга топширилди.
Ушбу спорт майдони “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида қурилди.

Маҳалла нуронийлари ва ёшлар иштирок этган тадбирда сўзга чиққанлар “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси туфайли ҳудуд инфратузилмаси босқичма-босқич яхшиланаётгани, мактаб ва маҳалла ёшлари учун янги имкониятлар яратилаётганини таъкидлашди.
Тадбир якунида рамзий лента кесилиб, ёш футболчилар иштирокида илк кўргазмали ўйин ташкил этилди.



***
Нурота туманидаги Алишер Навоий маҳалласида“GLOBAL F-S AСADЕMY” ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади.
Қуввати 120 ўринга мўлжалланган мазкур таълим масканида хорижий тиллар билан бирга табиий ва аниқ фанлар бўйича ҳам қўшимча таълим хизматлари йўлга қўйилган.

Лойиҳа Ёшлар агентлиги ташаббуси билан агентлик ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари асосида “Кўмак+Имконият” лойиҳаси доирасида амалга оширилди.


А.Бўриев, ЎзА мухбири