Навоий давлат университетида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Баҳодир Карим, Дилмурод Дўст ва Шаҳло Аҳроровалар иштирокида адабий учрашув ташкил этилди.
Дастур аввалида ижодкорлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида университет ҳудудига кўчатлар экди.

Университет фаоллар залида талаба-ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда ёзувчилик санъати, адабиётнинг инсон ҳаёти ва жамият тараққиётидаги ўрни, бадиий ижод машаққатлари, бугунги адабий жараён, унда ёшлар масаласи, чоп этилаётган янги асарлар, ёш қаламкашлар ижоди ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, ижодкорлар Навоий шаҳридаги 2- ҳамда 22-, Навбаҳор туманидаги 9-умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб, ўқувчилар билан мулоқотда қилди.
Учрашувларда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
***
Кармана туманидаги “Сардоба” МФЙда жойлашган 27-умумтаълим мактабида “Обод маҳалла” дастури доирасида аҳоли учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.

Унда тор соҳа мутахассислари, рентген, УЗИ ва лаборатория ходимлари иштирок этиб, аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатди.
Кўрик давомида маҳалла аҳолиси тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича зарур тавсиялар берилган бўлса, касаллик аниқланган фуқароларга туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда тегишли ихтисослашган шифохоналарга йўлланмалар берилди.


Тадбир доирасида соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича туман Саломатлик бўлими ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди ва саломатликни тарғиб қилувчи буклетлар тарқатилди.
***
Навоий олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида вилоятдаги умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида стол тенниси мусобақаси бўлиб ўтди.

Якуний натижаларга кўра, қизлар ўртасида 1-ўринни Хатирчи туманидаги 7-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилнура Ғуломова, ўғил болалар ўртасида эса Навоий шаҳридаги 12-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ҳикмат Ҳамзаев қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири