Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Маънавият ва маърифат маркази ўртасида меморандум имзоланди.
Меморандумда жамиятда маънавий-маърифий муҳитни янада соғломлаштириш, ёшларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтириш, сиёсий онги ва дунёқарашини кенгайтириш, ёшларда юксак маънавиятни шакллантириш, уларни миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш каби масалалар ўрин олган.


Тадбир давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаган ҳолда маънавият дарслари, маърифий учрашувлар, ватанпарварлик мавзусидаги давра суҳбатлари ва маданий-маърифий лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олди.
***
Кармана туманидаги 19-умумтаълим мактабига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури, Ислом тараққиёт банки ҳамда ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси доирасида замонавий 3Д принтер ва робототехника жиҳозлари топширилди.

Тадбир доирасида информатика фани ўқитувчилари ва робототехникага қизиққан ёшлар учун махсус тренинг ташкил этилди.

Унда иштирокчиларга роботларни йиғиш, уларни дастурлаш ҳамда 3Д моделлаштириш бўйича тушунчалар берилди.
Робототехника таълими ёшларнинг ижодкорлигини, муаммоларни ҳал қилиш салоҳиятини ва рақамли технологияларга мослашувчанлигини ошириб, уларни глобал меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар этиб тайёрлашга хизмат қилади.
***
Зарафшон шаҳридаги Янги Зарафшон маҳалласида тадбиркор Зилола Искандарова томонидан ташкил этилган “Зиё кидс” мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлади.

Унда сўзга чиққанлар мактабгача таълим ташкилотларини ривожлантириш борасида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, бу йўналишда фаолият олиб бораётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Ушбу хусусий мактабгача таълим ташкилоти 1,2 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган бўлиб, 60 ўринга мўлжалланган ва 12 та янги иш ўрни яратилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири