2025 йил сентябрь ойида “Навоийуран” давлат корхонаси “Orano Group” (Франция) ва “ITOCHU Corporation” (Япония) компаниялари билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтирган ҳолда “Nurlikum Mining” қўшма корхонаси доирасидаги шерикликни ривожлантириш жараёнини якунлади.
Корхона ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ўзгаришлар 2025 йил 10 март куни Париж шаҳрида имзоланган битимга асосланган бўлиб, Навоий вилоятининг Томди туманида жойлашган “Жанубий Жонгелди” уран конини саноат миқёсида ўзлаштиришга йўл очади.
Янгиланган тузилма бўйича “Навоийуран” ДК ва “Orano Group” қўшма корхонаси 45 фоиздан улушга эга бўлди. Япониянинг “ITOCHU Corporation” эса қолган улуш билан лойиҳа иштирокчисига айланди. Лойиҳа “Навоийуран” ДКнинг мавжуд ишлаб чиқариш базасига интеграция қилинади ва компания операцион бошқарувчи сифатида фаолият юритади. Бу қарор ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва самарадорликни оширишга қаратилган.
“Жанубий Жонгелди” лойиҳаси 10 йил давомида барқарор ишлаб чиқариш имконини бериши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, йилига ўртача 500 тонна уран ишлаб чиқарилиши, энг юқори даражада эса 700 тоннагача етиши мумкин.

***
Шу кунларда ҳудудларда “Қизлар овози” клубининг туман ва шаҳар координаторлари сайлови ўтказилмоқда.
Жумладан, клубнинг Нурота тумани координаторлари сайлови жараёнида иштирок этган номзодлар орасидан беш йўналиш бўйича энг муносиб координаторлар саралаб олиниб, клуб фаолиятини янада самарали ташкил этиш, қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларни ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишга ундай оладиган номзодларга алоҳида эътибор қаратилди.




Эндиликда янги координаторлар ёшлар ўртасида турли маданий, ижодий ва маънавий лойиҳаларни амалга ошириб, қизларнинг қобилиятини кенгроқ намоён этишларига ёрдам беради.
Янги сайланган координаторларга ишонч ёрлиқлари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири