Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Навоий давлат университетида Россиянинг Урал Федерал Университети Президенти Виктор Кокшаров бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳамкорлик дастури доирасида қўшма лойиҳалар, академик ва илмий тадбирлар, конференциялар ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.


Шунингдек, академик алмашинув ва талаба ҳамда профессор-ўқитувчилар мобиллиги бўйича дастурларни ишга тушириш юзасидан келишувларга эришилди.
***
Зарафшон шаҳрида кўп тармоқли марказий поликлиника фойдаланишга топширилди.


Янги бинода барча йўналиш бўйича мўъжаз ва шинам хоналар ташкил қилинган. Шунингдек, замонавий лифтлар, имконияти чекланган фуқаролар учун пандуслар, тиббиёт ходимлари учун алоҳида кенг ва тоза хоналарда ишлаш имконияти яратилган.



Тиббий муассаса энг сўнгги рақамлаштирилган аппаратлар, электрон навбат тизими, электрон тиббий карта, тез ва автоматлаштирилган натижалар олиш ускуналари билан жиҳозланган. Бинода тўлиқ wi-fi зонаси, замонавий инфратузилма ва автоматлаштирилган тизимлар ўрнатилган.
***
Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида НКМК Фахрийлар Кенгаши аъзолари иштирокида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.


Унда фахрийлар сермазмун фаолияти, ҳалол меҳнатнинг шарафи, юртга содиқлик ва жамият орасидаги масъулият ҳақида ёшларга сўзлаб берди.


“Уч авлод” учрашувида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга фахрийлардан атрофлича жавоб олди.


Университетда бундай учрашувлар давом этмоқда.
***
Навоий давлат университетида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.



Унда техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар содир бўлганда объект раҳбарияти, ходимлар ҳамда фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг тегишли хизматлари билан ҳамкорликдаги ҳаракати синовдан ўтказилди.



Олиб борилган машқлар давомида ходимлар ва талабаларга содир бўлиши мумкин бўлган турли табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларда амалга ошириладиган дастлабки ҳаракатлар, кўрсатиладиган амалий ёрдамлар ва ҳимояланишнинг бошқа усуллари ҳақида тушунчалар берилди.
А.Бўриев, ЎзА