Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
09:45 / 2025-09-24

Навоий кон-металлургия комбинати корхоналарида ишлаб чиқариш режаларини ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, иш унумдорлигини оширишда замонавий кончилик техникалари муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда комбинат бўлинмаларида кончилик техникалари таркиби мунтазам янгиланиб бориляпти.

Бугунги кунда Шимолий кон бошқармасига қарашли “Шарқий” конида кончилик ишлари “Қоқпатас ва Довғизтов олтин конларида маъдан қазиб олиш 3-навбати” инвестицион лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган вақти мобайнида мазкур конга юқори техник-иқтисодий кўрсаткичларга эга “Komatsu”, “Hitachi”, “Liebhyerr” русумли гидравлик экскаваторлар келтирилди. Бу билан конда электр токида ишлайдиган ва гидравлик экскаваторларнинг сони 25 тага етди.

***

“Навоийуран” давлат корхонаси ёшлар етакчилари ташаббуси билан китоблар кўргазмаси ташкил этилди. 

Унда “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси “Зафаробод” ҳудудий бошқармаси кутубхонаси фондидаги турли жанрдаги бадиий, илмий-оммабоп, шунингдек, ёшлар учун мотивацион ва тарбиявий руҳдаги асарлар тақдим этилди.

Кўргазмада корхона ишчи-ходимлари 200 дан ортиқ китоб намуналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. 

Бундай ташаббуслар жамиятда мутолаа маданиятини юксалтириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини кенгайтириш ҳамда уларнинг дунёқарашини бойитишда муҳим аҳамият касб этади. 

***

“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази психологлари томонидан инклюзив таълимга жалб этилган болаларнинг ота-оналари билан семинар-тренинглар ташкил этилди.

Бугунги кунда Навоий вилоятида 121 та умумтаълим мактабларида 346 нафар бола инклюзив синфларда таълим олмоқда. 

Инклюзив таълим болаларнинг жамиятга самарали мослашуви ҳамда тўлақонли уйғунлашувига хизмат қилади. Энг асосийси бола ўзи яшаб турган ҳудудга яқин бўлган умумтаълим мактабида, ўз тенгқурлари билан, оиласидан узоқлашмаган ҳолда ўқиш имкониятига эга бўлади.

Ушбу тренинглар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларни парваришлаётган ота-оналар учун катта имконият бўлиб, уларнинг фарзандларини жамиятга қўшиш йўлидаги интилишларини мустаҳкамлаш, умид ва қувонч бағишлаш ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.

***

Навоий шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон гимнастика федерацияси ҳамкорлигида, “Олимпия бирдамлиги” дастури доирасида спорт гимнастикаси бўйича халқаро мураббийлик курси ташкил этилди.

Семинарда республиканинг барча ҳудудларидан 33 нафар мураббий иштирок этиб, халқаро мутахассис Михаил Ворониндан бир ҳафта давомида назарий ва амалий билимлар олди. 

Курс якунида уларга Халқаро Олимпия қўмитаси сертификатлари топширилди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири