Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилояти Кенгашининг “Аёллар қаноти” томонидан “Ишбилармон аёл – 2025” кўрик танловининг Навбаҳор туман босқичи ўтказилди.
Унда 30 га яқин тадбиркор, ишбилармон, фермер хотин-қизлар иштирок этди.

Танловда дастлаб иштирокчилар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди ва Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринга “Навбаҳор ширинликлари” оилавий корхонаси раҳбари Латофат Орипова муносиб кўрилди.
Танлов якунида барча ғолиб ва совриндорларга партиянинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
***
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида Навоий давлат университети магистратура мутахассисликлари ҳамда бакалавриат босқичини тамомлаган битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

2024-2025 ўқув йилида университетни 5 минг 288 нафар талаба тамомлади. Уларнинг 101 нафари магистр, 5 минг 187 нафари эса бакалавр дипломини қўлга киритди.

Ҳозирги кунгача 5 минг нафарга яқин битирувчи иш билан таъминланган.
***
Нурота туманида аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ер майдонларидан самарали фойдаланиш, янги ерларни ўзлаштириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ўсишга эришилмоқда. Бу эса туман иқтисодиётининг барқарор ривожига хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда 4,1 минг гектар майдонга турли қишлоқ хўжалиги экинлари экилган бўлиб, 65 минг тонна маҳсулотлар етиштириш кўзда тутилган.

Йил якунига қадар 2 миллиард 266,2 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, қарийб 1,6 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири