Хатирчи туманидаги “National Ceramics” МЧЖ томонидан замонавий технологиялар асосида йиллик 350 минг тонна дала шпати ва кварц концентрати ишлаб чиқармоқда.
100 га яқин ишчи фаолият олиб бораётган корхонада 2024 йилда 5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилиниб, ишлаб чиқариш модернизация қилинган эди.

Бугунги кунда корхона республикамиздаги керамика заводларини сифатли хом ашё билан таъминламоқда.

Ҳозирда бу ерда 16 миллион долларлик янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Лойиҳа якунлангач, яна 200 та янги иш ўрни яратилади.
***
2025 йилнинг 21-28 июль кунлари Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги “яшил” фойдали қазилмалар соҳасидаги ҳамкорлик форуми ўтказилмоқда.

Мазкур форумда рангли ва қимматбаҳо металллар (олтин, кумуш, мис, сурма)ни қидириш, қазиб олиш, қайта ишлаш, шунингдек, ушбу йўналишларда технологик ускуналар ишлаб чиқариш, йирик инфратузилмавий, энергетика ва ресурсларни бошқариш соҳаларида фаолият олиб бораётган Хитойнинг 30 дан ортиқ йирик компания вакиллари иштирок этмоқда.

Форум доирасида тадбир иштирокчилари Навоий кон-металлургия комбинати фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида “НКМК тарихи” музейи ва Навоий машинасозлик заводига ташриф буюрди.
– НКМК дунё тоғ-кон саноатида юқори салоҳиятга эга. Бугун комбинатда амалга оширилган ишлар, келгусидаги ривожлантириш истиқболлари тўғрисида кенг маълумотларга эга бўлдик, – дейди Хитой тадбиркорларининг Ўзбекистондаги ассоциацияси бўлим бошлиғи Менг Фаню.

Ташриф давомида комбинатнинг ишлаб чиқариш ва иқтисодий салоҳиятини намоён этувчи тақдимот ҳамда видеоролик намойиш этилди.
***
“Навоий минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат муассасаси буюртмачилиги асосида Хатирчи туманида йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалий ишлар давом этмоқда.

“Ташаббусли бюджет” дастурининг 1-мавсуми доирасида Наврўз маҳалласида 3,3 км, Янги Қурилиш маҳалласида 2,2 км, Зарафшон маҳалласида 3,3 км ички хўжалик йўлларига асфальт-бетон қопламаси ётқизилмоқда.

Мазкур ишлар ҳудуд аҳолисига қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имконини яратишга, шунингдек, ички йўлларнинг ҳолатини тубдан яхшилашга хизмат қилади.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири