“Навоийуран” давлат корхонасида қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни кенгайтириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, корхонада 2022-2024 йиллар давомида қуввати 2205 кВт бўлган фото электр станциялари ўрнатилиб, ишга туширилди. Бундан ташқари, 2025 йилда эса 13 та объектнинг бўш майдон ва биноларига қуввати 1200 кВт бўлган фото электр станциялари ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтда амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, ҳозирги кунда корхона ташкилий тузилмаларини доимий иссиқ сув билан таъминлаш мақсадида 215 та гелиоқурилма жорий этилган.



***
Туркиянинг Думлупинар университети профессорлари Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети талабалари ҳамда магистрларига икки ҳафталик дарс машғулотлари ўтмоқда.
Кончилик факультетида давом этаётган амалий семинарлар Европа Комиссиясининг “Эрасмус+” (“Олий таълимда салоҳиятни ошириш”) дастури томонидан молиялаштирилган “Эко-кон ва табиий ресурсларни инновацион бошқариш” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтяпти.


***
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ва тадбиркор ўртасида битим имзоланиб, Навоий шаҳридаги Бинокор маҳалласида давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилди.
Президентимизнинг 2025 йил 3 февралдаги “Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2025 йил 1 мартдан бошлаб, босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати ташкил этилиши белгиланган эди.
Ушбу лойиҳа оғир ва ўта оғир ташхисли болаларга кундузи қараб туриш хизмати ҳисобланади. Болаларни парваришлаш, бирламчи ўзига хизмат қилишни ўргатиш билан бирга ота-оналари бемалол ишлаш имконига эга бўлади. Бу хизмат давлат томонидан бепул амалга оширилади.
Биринчи босқичда Навоий, Зарафшон шаҳарлари, Кармана ва Қизилтепа туманларида кундузги парваришлаш хизмати йўлга қуйилиб, 75 нафар ногиронлиги бўлган болаларни жалб қилиниши режалаштирилган.


***
“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик тадбири давомида Кармана туман ИИБ ЖХХ Пробация назорат остидаги шахслар билан профилактик тадбирлар ўтказилди.
Тадбир давомида назорат остидаги жиноят содир этишга мойил шахслар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, ёшлар ўртасида футбол ва волейбол мусобақалари, аёллар ўртасида шахмат ва шашка мусобақалари, назорат остидаги ишсиз шахслар бандлигини таъминлаш мақсадида “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди.


Учрашувларда 14 нафар шахснинг муаммолари борлиги аниқланиб, ҳал этиш мақсадида соҳавий хизматлар ва ҳамкор ташкилотларга керакли кўрсатма ҳамда топшириқлар берилди. Туман суди томонидан ўтказилган сайёр судда эса 15 нафар шахс жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири