2025 йилнинг 7-13 май кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика фан олимпиадасида Навоий вилояти жамоаси муносиб иштирок этди.
Навоий шаҳридаги Президент мактаби ўқувчилари Сардорбек Салимов информатика фанидан олтин, Темурбек Убайдуллаев эса кумуш медални қўлга киритган бўлса, 1-сон ихтисослаштирилган мактаб интернати ўқувчиси Азамат Эргашев математика фанидан бронза медалига сазовор бўлди.

***
Марказий банк Навоий вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойбек Чинқулов иштирокида қизилтепалик тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди.
“Микрокредитбанк” Қизилтепа тумани филиали биносида ўтказилган сайёр учрашувда тадбиркорлар томонидан фаолиятлари билан боғлиқ бўлган 20 га яқин мурожаат йўлланди.
Жараёнда кичик ва ўрта бизнес вакилларининг ҳар бир мурожаати тингланиб, уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди. Мурожаатларнинг барчаси масъулларнинг алоҳида назоратига олинди.
Сайёр учрашувлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари кесимида ўрнатилган тартибда давом этмоқда.

***
“Мироншоҳ комфорд сервис” МЧЖ томонидан Хатирчи, Навбаҳор, Конимех ва Нурота туман ҳудудларидаги қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш шохобчаларида батарейкалар учун чиқинди қутилари ўрнатилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, батарейкалар таркибида симоб, қўрғошин, кадмий, никель ва бошқа оғир металллар мавжуд бўлиб, улар ерга ёки сув манбаларига тушганда заҳарли таъсир кўрсатади. Кундалик ҳаётимизда ишлатиладиган батарейкаларнинг нотўғри утилизация қилиниши атроф-муҳитга, жумладан, ер ости сувларини ифлослантиради, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зиён етказади, инсон саломатлигига хавф солади.
Шу сабабли батарейкаларни оддий чиқиндиларга ташлаш мумкин эмас. Батарейкаларни тўғри йўналтириш табиатга бўлган муносабатнинг бир кўрсаткичи ҳисобланади.

***
Навоий вилояти Экология бошқармасининг тезкор назорат гуруҳи ҳамда Қизилтепа тумани Экология бўлими давлат инспекторлари томонидан Тўдакўл сув ҳавзасида назорат рейд тадбирлари ўтказилди.
Унда тумандаги Ифтихор маҳалласида яшовчи А.Т. ва У.Ғ.лар томонидан овлаш тақиқланган даврда кўлдан синтетик тўр ёрдамида 9 дона оқсила, 2 дона карас ва бир дона илонбош балиқларини овланганлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддаси 4-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 93 миллион 750 минг сўм табиатга етказилган зарар белгиланди ва тегишли тартибда кўриб чиқиш мақсадида ҳужжатлар туман жиноят ишлари бўйича судга юборилди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири